[1] Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилдингиз, у имонингизнинг асосидир.
[2] Ўша Хушхабар орқали нажот топасиз, аммо сизлар мен айтган ўша Хушхабар орқали етишган имонингизда маҳкам туришингиз керак, акс ҳолда, имонингиз бекор бўлади.
[3] Менга берилган энг муҳим таълимотни сизларга етказдим. Бу таълимот қуйидагичадир: Муқаддас битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлган.
[4] Кейин У дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас битикларга мувофиқ содир бўлди.
[5] Аввал У Бутрусга, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди.
[6] Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар.
[7] Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди.
[8] Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди.
[9] Ахир, мен ҳаворийларнинг энг арзимасиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг жамоатини қувғин қилардим.
[10] Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир.
[11] Сизлар Хушхабарни мендан эшитдингизми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз бир Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса ўша Хушхабарга ишонгансиз.
[12] Масиҳ ўликдан тирилган, деб ваъз қилинаётган экан, қандай қилиб баъзиларингиз, ўликдан тирилиш деган нарса йўқ, деб айтяпсизлар?!
[13] Ахир, ўликдан тирилиш бўлмаса, Масиҳ ҳам тирилмаган экан–да!
[14] Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор, сизларнинг имонингиз ҳам бекор.
[15] Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз.
[16] Ўликлар тирилмас экан, Масиҳ ҳам тирилмаган бўлади.
[17] Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар.
[18] Шундай бўлса, Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да!
[19] Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, энг бахтсиз инсонлар эканмиз.
[20] Ваҳоланки, Масиҳ ҳақиқатан ҳам тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, шу тариқа ўликдан тириладиганларнинг орасида ҳосилнинг илк самарасидай бўлди.
[21] Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир Инсон орқали содир бўлади.
[22] Ахир, бу дунёга ўлим Одам Ато туфайли кириб келди, энди Исо Масиҳ орқали ҳамма тирилади.
[23] Ҳамма нарса ўз навбати билан содир бўлади: мана, Масиҳ биринчи бўлиб тирилди, Масиҳ келганда эса Унга тегишли бўлганлар тирилади.
[24] Шундан сўнг Масиҳ ҳар қандай ҳокимиятни, ҳукмронлик ва қудратни барбод қилиб, салтанатни самовий Ота — Худога топширганда охират бўлади.
[25] Масиҳнинг ҳамма душманлари Унинг оёқлари остига пойандоз қилинмагунча, У ҳукмронлик қилиши керак.
[26] Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади.
[27] Ахир, Муқаддас битикларга кўра, Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилиб, Унинг оёқлари остига ташлаган. Гарчи шундай бўлса–да, борлиқни Унга тобе қилган Худо бундан истиснодир.
[28] Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилгандан кейин, Ўғил ҳам Худога тобе бўлади, токи Худо борлиқ устидан бутунлай ҳукмрон бўлсин.
[29] Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор?
[30] Хўш, нима учун бизлар ҳар дақиқа ўз ҳаётимизни хавф–хатар остига қўйяпмиз?
[31] Ҳар куни ўлимга рўбарў бўлаётганим рост! Биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ сизларнинг ҳаётингизда қилаётган ишларидан фахрланаётганим чин бўлганидай, айтаётган гапларимда ҳам бирор ёлғон йўқ.
[32] Агар фақатгина бу дунёга умид боғлаган бўлсам, нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?! Агар ўликлар тирилмас экан, унда “келинглар, еб–ичиб қолайлик, эрта–индин ўлиб кетамиз–ку” дейиш ўринли бўлмайдими?!
[33] Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку!
[34] Кўзларингизни очиб, ўзингизга келинглар! Бас энди, гуноҳ қилаверманглар. Кўриниб турибдики, баъзиларингиз Худони билмайсизлар. Сизларни уялтирай деб, буларни айтяпман.
[35] Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар.
[36] Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку!
[37] Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку!
[38] Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади.
[39] Кўриб турибмизки, жонзотларнинг ҳам таналари ҳар хил, инсонларники бошқача, ҳайвонларники бошқача, қушларники бошқача, балиқларники бошқача.
[40] Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа.
[41] Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Ахир, юлдузлар ҳам ўз кўркига яраша бир–биридан фарқ қилади.
[42] Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади.
[43] Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади.
[44] Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да!
[45] Муқаддас битикларда ёзилгани бўйича: “Биринчи одам — Одам Ато тирик жон бўлди.” Охирги Одам Ато, яъни Исо Масиҳ эса ҳаётбахш руҳ бўлди.
[46] Мана шундан кўриниб турибдики, руҳий тана эмас, моддий тана биринчи келган. Моддий тана ўтиб кетгандан кейингина, руҳий тана келади.
[47] Биринчи одамнинг танаси моддий жисмдир, у тупроқдан яратилган, иккинчи Одам, яъни Масиҳ эса самовийдир.
[48] Тупроқдан яратилган илк одам қандай бўлса, қолган ҳамма одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам, яъни Масиҳ қандай бўлса, самодагилар ҳам худди Унга ўхшайдилар.
[49] Биз тупроқдан яратилган одамга ўхшар эканмиз, бир кун келиб, самовий Одамга ҳам ўхшаган бўламиз.
[50] Эй биродарлар! Сизларга қуйидагиларни айтмоқчиман: қон ва этдан иборат бўлган таналаримиз Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўла олмайди. Бу фоний тана мангу ҳаётга эга бўла олмайди.
[51] Мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз.
[52] Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз ҳам ўзгарамиз.
[53] Чунки бизнинг ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, фоний танамиз мангу танага айланиши керак.
[54] Ўладиган танамиз ўлмайдиган танага, бу фоний танамиз мангу танага айланганда, Муқаддас битикларда ёзилган қуйидаги сўзлар амалга ошади: “Ўлим енгилиб, йўқ бўлди.
[55] Эй ўлим, сенинг зафаринг қаерда?! Эй ўлим, сенинг нишинг қаерда?!”
[56] Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса қонундан келиб чиқди.
[57] Худога шукурлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган.
[58] Шунинг учун, эй азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!