[1] Биродарлар, ота–боболаримизнинг тарихини ёдингизга солмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси булут остида чўлни кезиб, Қизил денгиздан ўтдилар.
[2] Улар булут остида кезиб, Қизил денгиздан ўтганда, гўё сувга чўмдирилгандай бўлиб, Мусонинг издошлари бўлдилар.
[3] Мўъжиза орқали уларнинг ҳаммасига бир хил овқат берилди.
[4] Мўъжиза орқали ҳаммасига ичиш учун сув берилди. Мўъжиза орқали улар қоядан сув олиб ичдилар. Ўша қоя Масиҳнинг тимсоли эди. Юрган йўлларида Масиҳ улар билан бирга эди.
[5] Гарчи шундай бўлса ҳам, уларнинг деярли ҳаммаси Худони норози қилди, шунинг учун итоатсизларни Худо саҳрода ҳалок қилди.
[6] Итоатсизларнинг бошига тушган кўргиликлар бизга ибрат бўлди, токи биз ҳам уларга ўхшаб ёвузлик пайида бўлмайлик.
[7] Уларнинг баъзиларига ўхшаб, бутпараст бўлмайлик. Улар ҳақида шундай ёзилган–ку: “Халқ ўтириб еб–ичгандан кейин кўнгилхушлик қилди.”
[8] Уларнинг баъзиларига ўхшаб жинсий ахлоқсизликка берилмайлик. Улар ахлоқсизлик қилганлари учун бир кунда йигирма уч мингтаси нобуд бўлди.
[9] Масиҳни синамайлик, чунки улардан баъзилари шундай қилиб, илонларнинг заҳридан ҳалок бўлдилар.
[10] Ҳеч нолимайлик. Улардан баъзилари минғирлаб нолидилар, шунинг учун Азроил уларни уриб, нобуд қилди.
[11] Улар бошидан кечирган бу ҳодисалар бизларга ибрат бўлди. Замон охирлашиб қолган пайтда яшаётганларга, яъни бизларга сабоқ бўлиши учун бу ҳодисалар Муқаддас битикларда ёзиб қолдирилган.
[12] Шунинг учун маҳкам турибман, деб ўйлаган одам эҳтиёт бўлсин, тағин қоқилиб йиқилмасин.
[13] Сизлар тушган васвасага бошқалар ҳам дучор бўлган. Аммо Худо содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Васвасага бардош бера олишингиз учун керакли пайтда васвасадан қутулиш йўлини ҳам беради.
[14] Эй азизларим, бутпарастликдан ўзингизни олиб қочинг!
[15] Мен сизларни ақли расо одамлар деб билиб гапиряпман. Айтаётганларимга ўзингиз баҳо беринглар.
[16] Биз дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганимизда, Худога шукур айтиб қутлуғ косадан ичганимизда Масиҳнинг тўкилган қонига шерик бўламиз, нонни бўлишиб еганимизда эса Унинг қурбон қилинган танасига шерик бўламиз–ку!
[17] Битта нонни бўлиб еганимиздай, биз ҳаммамиз, кўпчилик бўлсак–да, бир танани ҳосил қиламиз.
[18] Исроил халқига қаранглар! Қурбонгоҳдаги қурбонликлардан тановул қилиш улар учун Худога сажда қилиш дегани–ку!
[19] Мен бу билан нима демоқчиман ўзи? Бутга бағишланган қурбонликнинг ҳам бирор аҳамияти борми? Бутнинг ўзи ҳам бирор аҳамиятга эгами?
[20] Йўқ! Бутпарастлар қурбонлик келтирганларида, аслида қурбонликни худо деб аталган бутларга эмас, балки жинларга бағишлаган бўладилар. Жинларга шерик бўлишингизни мен хоҳламайман.
[21] Сизлар ҳам Раббимиз Исонинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар. Ҳам Раббимиз дастурхонидан, ҳам жинларнинг дастурхонидан баҳраманд бўла олмайсизлар.
[22] Наҳотки Раббимиз Исонинг рашкини қўзғатмоқчи бўлсангиз? Наҳотки сизлар Ундан ҳам қудратлироқ бўлсангиз?!
[23] Баъзиларингиз: “Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақли”, деб айтяпсиз. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақи бор, лекин ҳамма нарса ҳам манфаат келтирмайди.
[24] Ҳамма биринчи ўринда ўзининг эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзда тутсин.
[25] Бозордаги гўшт қаердан келгани ҳақида сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар.
[26] Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган–ку: “Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ.”
[27] Агар Масиҳни билмаган бирорта одам сизларни уйига чақирса ва сиз у ерга борадиган бўлсангиз, олдингизга қўйилган ҳамма нарсани қаердан келганини сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар.
[28] Лекин бир биродар сизга: “Бу қурбонлик гўшти”, деб айтса, унда ўша айтган одам ҳақи ва уни васвасага солмаслик учун ўша гўштни еманглар. Гўшт ейиш сиз учун гуноҳ бўлмаса ҳам, ўша одам учун гуноҳ, у гўштни еса, виждони қийналади. Аммо мен бу гўштни емасам ҳам эркинлигим чекланиб қолмайди.
[30] Агар мен Худога шукрона айтиб овқатни тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман.
[31] Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангиз ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар.
[32] Яҳудийлару ғайрияҳудийларни, Худони биладигану билмайдиганларни ўйлаб иш тутинг.
[33] Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаяпман, улар нажот топсин деб, турли йўллар билан ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиляпман.