[1] Сен жамоатдагиларга эслатиб тур: улар давлат бошлиқларию ҳокимларга бўйсунсинлар, итоат этиб, ҳар қандай хайрли ишга тайёр бўлсинлар.
[2] Ҳеч кимни ёмонламасинлар, жанжаллашмасинлар, бошқаларга нисбатан доим мулойим ва меҳрибон бўлсинлар.
[3] Бир вақтлар бизлар ҳам фаҳмсиз, итоатсиз, адашган одамлар эдик, ҳар хил завқу эҳтиросларнинг қули бўлиб, гина–кудурат ва ҳасадгўйлик билан кун кечирардик, бир–биримиздан нафратланадиган разил одамлар эдик.
[4] Аммо нажоткоримиз Худо бизга бўлган эзгулиги ва меҳр–муҳаббатини кўрсатди.
[5] Савоб ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм–шафқати туфайли У бизни қутқарди. Муқаддас Руҳ орқали гуноҳларимизни ювди, бизни янгидан туғдириб, янги ҳаёт ато этди.
[6] Нажоткоримиз Исо Масиҳ орқали Худо бизнинг устимизга Муқаддас Руҳини мўл–кўл қилиб ёғдирди.
[7] Биз Исонинг инояти билан оқландик, энди абадий ҳаётга умид боғлаб, Худо ваъда қилган баракалардан баҳраманд бўла оламиз.
[8] Бу гапларнинг ҳаммаси тўғри ва асослидир. Ушбу таълимотнинг фойдаси катта. Жамоатдагиларга яхшилаб уқтир, улар ўргатганларимнинг ҳаммасига риоя қилсинлар. Худога ишонганлар хайрли ишларга астойдил бел боғласинлар.
[9] Сен эса аҳмоқона баҳслардан, шажаралар ҳамда Таврот қонунлари борасидаги мунозараю жанжаллардан ўзингни олиб қоч. Булар фойдасиз ва беҳудадир.
[10] Орангизга низо уруғини сепаётган одамни бир–икки марта огоҳлантир, агар гапингга кирмаса, у билан алоқани уз.
[11] Ўзинг биласан–ку, бундай одамнинг фикри бузуқ. Унинг қилаётган гуноҳлари ўзини маҳкум этади.
[12] Артемас ёки Тихикусни сенинг ёнингга юборганимдан кейин, Никополис шаҳрига, менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил. Чунки мен қишни шу ерда ўтказишга қарор қилдим.
[13] Қўлингиздан келганча қонуншунос Зинас ва Аполлосга ёрдам қилинглар, сафарга чиқишлари учун керакли ҳамма нарсани уларга бекаму кўст қилиб етказиб беринглар.
[14] Токи жамоатдагилар ҳам хайрли ишларга астойдил бел боғлашга одатлансинлар, бошқаларнинг зарурий эҳтиёжларини қондирсинлар, шунда ҳаётлари самарасиз бўлмайди.
[15] Ёнимдагиларнинг ҳаммаси сенга салом йўллаяптилар. Бизни яхши кўрадиган имондаги биродарларимизга салом айтгин. Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.