[1] Титус, сен соғлом таълимот асосида насиҳат қил.
[2] Ёши катта эркакларга айт: улар майхўрликка берилмаган, ҳурматга сазовор, вазмин, имонда мустаҳкам, меҳрибон ва сабр–тоқатли бўлсинлар.
[3] Ёши катта аёлларга ҳам тайинла, улар шарафли ҳаёт кечирсинлар. Ғийбат қилмасинлар, майхўрликка ружу қўймасинлар. Ҳар қандай хайрли ишда ибрат кўрсатиб,
[4] келинларга панд–насиҳат қилсинлар, уларга ўз эрлари ва фарзандларини севишни,
[5] вазмин, иффатли, рўзғорга жонкуяр, меҳрибон, эрларига бўйсунадиган бўлишни ўргатсинлар. Шунда ҳеч ким Худонинг каломини ёмонламайди.
[6] Йигитларни ҳам босиқ бўлишга ундагин.
[7] Ҳар бир ишда юриш–туришинг билан ўзинг уларга ўрнак бўлгин. Таълим берганингда самимий ва жиддий бўл.
[8] Тўғри таълим бергин, шунда танқиднинг олдини олган бўласан ва рақибларимиз биз ҳақимизда ёмон сўз айтолмай, уятга қоладилар.
[9] Қулларга ўргат, улар доим ўз хўжайинларига итоат этиб, уларни мамнун қилсинлар. Гап қайтармасинлар,
[10] ўғрилик қилмасинлар, ҳар қандай вазиятда тўғри йўл тутиб, ишончга сазовор бўлсинлар. Шунда қуллар хулқ–атвори билан нажоткоримиз Худо ҳақидаги таълимотнинг тенги йўқ гўзаллигини намоён этадилар.
[11] Зеро, Худо бутун инсониятга нажот йўлини очиб бериб, Ўз иноятини кўрсатди.
[12] Бу иноят орқали Худо бизга шуни ўргатадики, биз худосиз ҳаётдан ва дунёвий орзу–эҳтирослардан воз кечишимиз керак. Ахир, бизнинг ажойиб умидимиз бор: биз нажоткоримиз Исо Масиҳнинг келишига ва буюк Худонинг улуғворлигини кўришга умид боғлаганмиз. Масиҳнинг келишини кутар эканмиз, бу ўткинчи ҳаётимизда нафсни тийишимиз, тўғри ва тақводор ҳаёт кечиришимиз лозим.
[14] Ахир, Исо Масиҳ бизни барча иллатларимиздан халос қилиш учун Ўз жонини фидо қилди. У бизни поклаб, Ўзига тегишли бўлган, яхшилик қилишга бағишланган азиз бир халқ қилди.
[15] Айтганларимнинг ҳаммасини сен жамоатдагиларга ўргат. Худо берган ҳокимият билан уларга насиҳат қил, танбеҳ бер. Сени биронтаси камситишига йўл қўйма.