[1] Худонинг қули ва Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан салом! Худонинг танланган одамлари имонда собит бўлсинлар ва художўйликка чорловчи ҳақиқатни билиб олсинлар деб, Худо мени бу хизматга тайинлади.
[2] Ҳаворий сифатида мен уларни абадий ҳаётдан умидвор бўлишга даъват этаман. Зеро, Худо абадий ҳаётни азалданоқ ваъда қилган. У ҳеч қачон ёлғон ваъдалар бермайди.
[3] Белгиланган пайтда Худо абадий ҳаётга чорловчи Хушхабарни бизнинг воизлигимиз орқали аён этди. Нажоткоримиз Худо бу Хушхабарни менга топшириб, уни эълон қилишимни буюрди.
[4] Қадрдоним Титус, бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.
[5] Қолган ишларни битиришинг учун мен сени Крит оролида қолдирган эдим. Сенга буюрганимдек, оролнинг ҳар бир шаҳридаги имонлилар жамоати устидан оқсоқоллар тайинлагин.
[6] Жамоат оқсоқоли яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор бўлсин. Унинг фарзандлари имонли бўлиб, шалоқлик ва итоатсизлик айбидан холи бўлишсин.
[7] Зеро, жамоат етакчиси Худонинг хонадонини бошқарувчи сифатида камчиликсиз бўлиши лозим, яъни у такаббур, жаҳлдор, майхўр, зўравон ёки пулпараст эмас,
[8] балки меҳмондўст, яхшиликни севадиган, вазмин, одил, оқ кўнгил ва нафсини тийган одам бўлсин.
[9] Ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қатъий риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.
[10] Ахир, ҳеч кимга итоат қилмайдиган, қуруқ гап сотадиган ёлғончи биродарлар бор, айниқса суннатлилар орасида бундайлар кўп.
[11] Уларнинг сафсаталарини тўхтатиш керак. Зеро, улар пул ишлаш ниятида сохта таълимотлар ўргатиб, бутун оилаларни тўғри йўлдан оздирмоқдалар.
[12] Мана, улардан чиққан бир мутафаккир ўз юртдошлари ҳақида шундай деган: “Критликлар доимо ёлғон гапиришади, Улар ебтўймас дангасалардир, Гўёки йиртқич ҳайвонлардир.”
[13] Бу гапда жон бор. Шунинг учун бебошларга қаттиқ танбеҳ бер, токи улар ҳақ имонга қайтсинлар.
[14] Яҳудийларнинг афсоналарига ва ҳақиқатдан юз ўгирган одамларнинг кўрсатмаларига қулоқ солмасинлар.
[15] Қалби пок одамлар учун ҳамма нарса ҳалолдир. Бузуқ ва имонсизларнинг назарида эса ҳамма нарса ҳаромдир. Бундайларнинг ақли ҳам, виждони ҳам булғанган.
[16] Улар, Худони биламиз, дейдилар–у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Бундай қабиҳ, ўзбошимча одамлар ҳеч бир хайрли ишга ярамайдилар.