Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:22

[1] Худо ҳузурида ҳамда тиригу ўликларни ҳукм қиладиган Исо Масиҳ ҳузурида, Унинг келиши ва ҳукмронлиги ҳақи, сенга қатъий буюраман:

[2] Худонинг каломини тарғиб қил. “Ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми?” демай, уни астойдил эълон қил. Одамларга таълим бериб, уларни тўғри йўлга сол, танбеҳ бер, насиҳат қил. Ҳаммасини сабр–тоқат билан бажар.

[3] Чунки шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга тоқат қилмайдиган бўладилар, улар атрофига ўзларига мос, қулоқларига ёқимли сўзлар айтадиган муаллимлар тўплайдилар.

[4] Улар ҳақиқатдан юз ўгириб, афсоналарга берилиб кетадилар.

[5] Аммо сен ҳар қандай шароитда ақл билан иш тут, азобларга чида, Хушхабарни тарғиб қил, ўз хизматингни тўлиқ бажаргин.

[6] Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман, жоним Худога қурбон.

[7] Мен улуғ курашда жанг қилдим, зиммамдаги вазифани охирига етказдим, Хушхабарга содиқ қолдим.

[8] Мени солиҳлик тожи кутмоқда. Одил Ҳакам — Раббимиз Исо келган кунда ўша тожни менга Ўзи беради. Бундай тож фақат менга эмас, балки Унинг келишини интизорлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига насиб бўлади.

[9] Менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил.

[10] Чунки Димас бу дунёга кўнгил боғлаб, мени тарк этди. У Салоника шаҳрига кетди. Крискес Галатия вилоятига, Титус Далматия вилоятига кетди. Ёнимда фақат Луқо бор.

[11] Маркни ўзинг билан бирга олиб кел, у хизматимда менга ёрдам беради.

[12] Мен Тихикусни Эфес шаҳрига юбордим.

[13] Келаётганингда ўзинг билан тўнимни олиб кел, мен уни Троас шаҳридаги Карпусникида қолдирганман. Қўлёзмаларни ҳам, айниқса, чармга ёзилганларини олиб кел.

[14] Темирчи Искандар менга кўп ёмонлик қилди. Раббимиз Исо уни қилмишига яраша жазолайди.

[15] Сен Искандардан эҳтиёт бўл, чунки у бизнинг таълимотимизга қаттиқ қаршилик кўрсатди.

[16] Мени биринчи марта маҳкамага олиб боришганда, ҳеч ким мени ёқламади. Ҳамма мени ташлаб кетди. Худо бу айбни уларнинг бўйнига қўймасин!

[17] Аммо Раббим Исо ёнимда турди, Хушхабарни тўлиғича барча халқларга етказишим учун Унинг Ўзи менга куч берди. У мени ўлим чангалидан қутқарди.

[18] Раббим мени бундан кейин ҳам ҳар қандай ёмонликдан халос қилади ва Ўзининг самовий Шоҳлигига соғ–саломат етказади. Унга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

[19] Прискилла билан Акилга ва Онисифоруснинг хонадонига салом айтиб қўй.

[20] Эрастус Коринф шаҳрида қолди. Трофимус эса касал бўлгани учун, уни Милейтус шаҳрида қолдирдим.

[21] Қиш бошланмасдан олдин келишга ҳаракат қил. Эбулус, Пудес, Линус, Клавдия ва бу ердаги ҳамма имонлилар сенга салом йўллаяптилар.

[22] Раббимиз Исо сенга ҳамроҳ бўлсин. Унинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.

Павлуснинг Тимўтийга иккинчи мактуби — Chapters