[1] Шўрим қуриди! Ёзги мевалар йиғиб олингач, Узумзор ҳосили йиғиштирилгач, Токлардан бир бош узум ҳам топа олмаган, Бир дона анжирга зор бўлган одамдайман мен.
[2] Художўй йўқ бўлди бу юртда, Тўғри одам қолмади инсонлар орасида. Қон тўкаман деб, одамлар бир–бирини пойлайди, Ҳаттоки қариндош қариндошига тузоқ қўяди.
[3] Ёмонлик қилишга устадир улар. Амалдору қозилари пора олишади, Бойлари хоҳлаганини қилдиришади, Биргаликда улар ҳақиқатни бузиб кўрсатишади.
[4] Уларнинг ҳимматлиси янтоққа ўхшайди, Виждонлиси бир уюм тикандан қолишмайди. Эй халқим, Соқчилар сизларга эълон қилган кун яқинлашди, Ҳа, жазо оладиган кунингиз етиб келди. Ҳаммангиз саросимага тушадиган вақт бўлди.
[5] Дўстингизга суянманг, Шеригингизга ишонманг, Қучоғингизда хотинингиз ётганда, Қулф солинг оғзингизга.
[6] Ўғил ўз отасини хўрлайди, Қиз онасининг юзига сапчийди, Келин қайнанасига душманлик қилар. Сизнинг душманларингиз — ўз уйингиздагилар.
[7] Мен эса Эгамга тикаман кўзларимни, Умид ила кутаман нажоткорим Худони, Албатта эшитар Худойим мени.
[8] Ҳолимни кўриб шод бўлмангиз, эй ғанимлар! Йиқилганимда ўзим туриб оларман. Зулматда ўтирганимда, Менга нур сочар Эгам.
[9] Гуноҳ қилдим мен Эгамга қарши, Унинг қаҳрига дош бераман энди. Бир кун келиб, У менинг тарафимни олади, Менинг ҳақлигимни исбот этади. Ёруғликка олиб чиқади У мени, Мен кўраман Худонинг адолатини.
[10] Эй душманларим, албатта буни кўрасиз. “Эганг Худо қани?!” деб мени масхара қилдингиз, Энди сиз шармандаи шармисор бўласиз. Мен кўзларим билан кўраман сизнинг қулашингизни, Оёқ ости бўласизлар кўчадаги лой каби.
[11] Эй Қуддус, келар шундай замонлар: Сенинг деворларинг қайта қурилар, Кенгайиб кетади сенинг ҳудудинг.
[12] Ўша куни халқинг қайтиб келади. Улар Оссуриядан Мисргача, Мисрдан Фурот дарёсигача бўлган Барча ўзга юртлардан, Узоқ денгиз соҳилларидан, Олис тоғлар бағридан келишади.
[13] Бошқа халқларнинг юртлари эса Ўз қилмишлари дастидан харобазорга айланади.
[14] Эй Эгам, Ўз халқингнинг чўпони бўлгин, Ўз сурувингни таёғинг билан бошқаргин, Уларнинг ён–атрофи кўм–кўк яйловлар, Улар эса чакалакзорда яшаяптилар. Узоқ ўтмишдагидай уларни ўтлатгин, Башан ва Гилад яйловларида уларни тўйғазгин.
[15] Эгамиз демоқда: “Мен сизларни Мисрдан олиб чиққан кунларимдай, Сизларга Ўз ажойиботларимни яна кўрсатаман.”
[16] Эй Эгам, ажойиботларинг олдида халқлар Буюк лашкарларининг ожизлигини кўриб, Ўзлари шарманда бўладилар. Қўллари билан юзларини беркитадилар. Уларнинг қулоқлари гаранг бўлиб қолади.
[17] Илон каби улар тупроқ ялайди, Судралувчи махлуқлар каби тупроқ ошайди. Эй Эгамиз Худо, улар титраб–қақшаб, Ўз уяларидан Сенинг олдингга чиқадилар. Сенинг ҳузурингда даҳшатга тушадилар.
[18] Эй Худо, Сенга ўхшаши бормикан?! Халқингдан омон қолганларнинг Гуноҳларини Сен кечирасан, Уларнинг итоатсизлигини афв этасан. То абад ғазабланмассан халқингдан, Завқ оласан Ўзинг меҳр–шафқат кўрсатишдан.
[19] Сен бизга яна раҳм қиласан. Айбларимизни ерга кўмиб юборасан, Гуноҳларимизни денгиз тубига улоқтирасан.
[20] Қадимда ота–боболаримизга онт ичганингдай, Сен Ёқуб авлодига садоқатли бўласан, Иброҳим наслига сўнмас севгингни кўрсатасан.