Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:06

[1] Мен шундай дедим: “Эй Ёқуб наслининг йўлбошчилари, эшитинг! Эй Исроил ҳукмдорлари, қулоқ солинг! Адолат ўрнатиш сизнинг вазифангиз–ку!

[2] Сизлар эса яхшиликдан нафратланасиз, Қабиҳликка меҳр қўясиз, Сиз халқимнинг терисини шилиб, Этини суягидан ажратиб оласиз.

[3] Сиз халқимнинг этини ейсиз, Терисини шилиб, суякларини майдалайсиз, Қозонга солинадиган гўштдай уларни нимталайсиз.

[4] Вақти келиб, Эгамизга илтижо қиласиз, Ўшанда Худодан жавоб олмайсиз. Сизлар қабиҳларча иш тутдингиз, Шу боис У сизлардан юз ўгиради.”

[5] Эгамиз шундай демоқда: “Эй халқимни йўлдан оздирган пайғамбарлар! Сизлар қорнингизни тўйғизганларга тинчликни башорат қиласиз, Оғзингизни мойламаганларга эса урушни эълон қиласиз.

[6] Энди устингизга тун бостириб келади, Сизлар ваҳийларни кўрмайсиз. Қаро зулмат сизни ўраб олади, Башорат қилишингизга имкон бўлмайди. Сизлар учун қуёш ботади, Кундуз ҳам зулмат бўлади.

[7] Шарманда бўласиз, эй валийлар, Уятга қоласиз, эй фолчилар. Мендан сўз олмаганингиз учун Оғзингизни очолмай қоласиз.”

[8] Аммо менинг вужудим кучга тўлган, Эгамизнинг Руҳи мени тўлдирган. Қудрат ва адолатга тўлганман. Энди мен Ёқуб наслининг итоатсизлигини фош қиламан, Исроил халқининг гуноҳини юзига соламан.

[9] Эй Ёқуб наслининг йўлбошчилари, эшитинг! Эй Исроил ҳукмдорлари, қулоқ солинг! Сизлар адолатдан ҳазар қиласиз, Ҳақиқатни бузиб кўрсатасиз.

[10] Қонлар эвазига барпо қилдингиз Қуддусни, Зулм эвазига бунёд этдингиз Сионни!

[11] Эй Қуддус ҳокимлари, сизлар пора олиб ҳукм қиласиз, Эй Қуддус руҳонийлари, сизлар тама қилиб таълим берасиз, Эй Қуддус пайғамбарлари, сизлар пул учун башорат қиласиз. Тағин Эгамизнинг номини рўкач қилиб, айтасиз: “Эгамиз биз билан, бунга шубҳа йўқ! Бошимизга бирор кўргилик тушмас.”

[12] Сизлар сабабли Қуддус даладай шудгор қилинади, Сион харобазор бўлади, Эгамизнинг уйи турган тоғни Қалин чакалакзор қоплайди.

Михо пайғамбарнинг китоби — Chapters