[1] Найнаво шаҳри ҳақида башорат. Бу китобда Элқўшлик Нохумга келган ваҳий баён қилинган.
[2] Эгамиз рашкчи, қасоскор Худодир, Эгамиз қасоскор, дарғазабдир. Ғанимларидан Эгамиз қасос олар, Душманларидан ғазабланиб юрар.
[3] Эгамизнинг жаҳли тез чиқмас, Унинг кучи буюкдир, Айбдорни Эгамиз асло оқламас! Юрган йўли қуюну бўрон бўлар. Оёғи остидан чангдай Кўтарилар қора булутлар.
[4] У денгизга дўқ уриб, уни қуритар, Барча дарёларни қақратиб юборар. Башан ва Кармил яйловлари хазон бўлади, Лубнон гуллари сўлиб қолади.
[5] Унинг олдида силкинар тоғлар, Парчаланиб кетар адиру қирлар. Ҳузурида замин тебранар, Бутун жаҳон ва ундаги мавжудот қалтирар.
[6] Унинг қаҳрига ким бардош бергай?! Алангали ғазабидан ким омон қолгай?! Унинг ғазаби оловдай ёйилар, Унинг олдида қоялар чилпарчин бўлар.
[7] Эгамиз яхшидир, Кулфат кунида қўрғондир У, Худода паноҳ топганларни сақлайди У.
[8] Тошқин сел билан Найнавони вайрон қилар, Ёвларининг пайига тушиб, зулматга ҳайдар.
[9] Эй Найнаво, нечун Эгамизга қарши фитна уюштирасан?! Ахир, У бир уриб сени қириб ташлайди, Иккинчи уришига ҳожат бўлмайди.
[10] Чирмашган тикану қуруқ хас–чўп каби Сизлар ҳам, эй майхўрлар, ёндириб ташланасиз!
[11] Эй Найнаво, қабиҳ шоҳ сендан чиқди, Эгамизга қарши у фитна–фасод қилди.
[12] Эгамиз эса шундай айтур: “Оссурияликлар кучли ва беҳисоб бўлсалар–да, Улар қирилиб, йўқ бўладилар. Эй халқим, бошингга кулфат солдим! Энди бундай кулфат солмайман зинҳор!
[13] Сени Оссурия бўйинтуруғидан озод қиламан, Кишанларингни узиб ташлайман.”
[14] Сен ҳақингда, эй Оссурия, Эгамиз шундай амр этар: “Сенинг номинг дунёдан ўчар. Йўқ қиламан худоларинг уйидаги қуйма ва ўйма бутларни, Ярамас хулқ–атворинг учун ҳозирлайман қабрингни.”
[15] Қаранг! Хушхабар келтирувчи кимса, Тоғлар оша шошиб келади бу ёққа. Тинчликни эълон қилади У сизга! Эй Яҳудо халқи, нишонлагин байрамларингни, Олиб кел онт ичиб атаган назрларингни. Юртингга тажовуз қилмас энди қабиҳлар, Зеро, тамомила йўқ бўлди улар.