Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:33

[1] Шундай кунлар келадики, Эгамизнинг уйи турган тоғ Тоғларнинг энг юксаги бўлиб қарор топади. Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади, Халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.

[2] Кўплаб эллар келади, Улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига! Қани, юринглар! Борайлик Ёқубнинг Худоси уйига! Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини, Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.” Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан, Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.

[3] Эгамиз ҳукм қилади кўп халқларнинг орасида, Ажрим қилади олисдаги кучли миллатлар орасида. Қиличларини айлантиришади омочга, Найзаларини эса ток қайчиларига. Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар, Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.

[4] Ором олар ҳар ким ўз узумзорида, Ўтирар ҳар ким ўз анжирзорида, Бирор кимса уларга таҳдид солмайди. Буни Сарвари Оламнинг Ўзи айтди!

[5] Ҳамма халқлар ўз худоларига эргашаверсин, Биз эса абадулабад Эгамиз Худонинг йўлидан юрамиз.

[6] Эгамизнинг каломи шудир: “Шундай вақт келадики, Мен чўлоқларни йиғиб оламан. Ҳайдаб юборилганларни тўплайман, Ўзим азобга гирифтор қилганларимни йиғаман.

[7] Чўлоқларни омон сақлайман, Ҳайдаб юборилганлардан кучли бир халқ бунёд этаман, Ўша кундан бошлаб, то абад Мен, Эгангиз, Сион тоғида уларга ҳукмронлик қиламан.”

[8] Эй Қуддусдаги шоҳ қалъаси, Худо халқининг кузатув минораси, Собиқ ҳокимиятинг ўзингга қайтади. Эй Қуддус шаҳри, Сенинг салтанатинг қайта тикланади.

[9] Энди эса нечун фарёд қиляпсан? Нима бўлди, ҳукмдоринг йўқмиди?! Нечун тўлғоқ тутган аёл каби азобланяпсан? Маслаҳатчинг нобуд бўлдими?!

[10] Эй қиз Қуддус, Туғаётган хотин каби оҳ–воҳ қилмайсанми?! Ўзингни ҳар томонга ташламайсанми?! Ахир, ҳозир шаҳардан чиқиб кетасан! Яланг қирларга бориб маскан қиласан! Ҳа, Бобилга сен сургун бўласан. Бироқ у ерда сен нажот топасан, Душман қўлидан халос қилар Эгамиз сени.

[11] Сенга қарши бирлашди талай халқлар, Сен ҳақингда шундай деб айтади улар: “Қани, келинглар, Қуддусни хўрлаймиз, Шаҳват билан уни томоша қиламиз.”

[12] Аммо билмас улар Эгамизнинг ниятини, Асло тушунмаслар Унинг режаларини, Эгамиз уларни не сабабдан йиққанини улар билмаслар, Буғдой бошоқларини хирмонда янчгандай, Эгамиз уларни янчмоқчи эканини англамаслар.

[13] Эгамиз демоқда: “Туринг, эй Қуддус аҳолиси! Янчиб ташланг уларни! Темирдан қиламан шохларингизни, Бронзадан ясайман туёқларингизни, Эзиб мажақлайсиз кўплаб халқларни.” Олган ўлжангизни Эгамизга бағишлайсиз, Бутун олам Раббийсига ёв бойлигини назр қиласиз.

Михо пайғамбарнинг китоби — Chapters