[1] Эй Эгам, бошимизга тушган кўргиликни ёдингда тутгин, Қанчалар хор бўлганимизни бир кўриб қўйгин!
[2] Мулк қилиб олган еримиз ажнабийлар қўлига тушди, Келгиндилар уйларимизга эга бўлишди.
[3] Отасиз етимдай бўлиб қолдик биз, Бевага ўхшаб қолди оналаримиз.
[4] Биз ичган сувимизга пул тўлаймиз, Ёққани ўтинни сотиб оламиз.
[5] Ёвларимиз таъқиб қилиб, қўймас бизни ҳолимизга, Чарчаб кетдик, тиним йўқ бизга.
[6] Тўйгунча нон еймиз деб, Миср ва Оссурия билан биз сулҳ туздик.
[7] Аждодларимиз гуноҳ қилиб, ўтиб кетди, Аммо уларнинг жазосини биз тортяпмиз энди.
[8] Бизга ҳукмронлик қилаётир қуллар, Улар зулмидан бизни ким қутқарар?!
[9] Нон излаймиз жонимизни қўйиб хавф остига, Чунки каллакесарлар писиб ётибди далаларда.
[10] Очарчилик дастидан чиққан иссиғимиз, Тандирдай қизиган бизнинг баданимиз.
[11] Ғанимларимиз Қуддусда аёлларни зўрлашди, Яҳудо шаҳарларида қизларнинг номусига тегишди.
[12] Қўлларидан осишди йўлбошчиларимизни, Хор қилишди оқсоқолларимизни.
[13] Йигитлар тегирмон тошини тортяпти, Ўғлонлар оғир ўтин остида гандираклаб қолди.
[14] Шаҳар дарвозасида оқсоқоллар ўтирмайдиган бўлди, Йигитлар шодон куйлар чалмайдиган бўлди.
[15] Кўнглимизни шодлик тарк этди, Ўйин–кулгимиз азага айланди.
[16] Бошимиздаги тожимиз тушиб кетди, Гуноҳ қилдик! Шўримиз қуриди!
[17] Дарду аламга тўлди юрагимиз, Йиғлайвериб хиралашди кўзимиз.
[18] Ахир, Сион тоғи ҳувиллаб қолди, Чиябўрилар у ерда изғиб юрибди.
[19] Сен эса, эй Эгам, абадий ҳукмронлик қиласан, Авлодлар оша Ўз тахтингда ўтирасан.
[20] Нечун бизни Сен тамом унутдинг? Нечун узоқ вақтга ташлаб қўйдинг?
[21] Эй Эгам, бизни Ўзингга қаратгин, Токи Сенга қайтайлик. Қадимги улуғворлигимизни тиклагин.
[22] Наҳотки Сен биздан бутунлай воз кечдинг?! Қаҳру ғазабингнинг ҳад–поёни бордир, ахир?!