[1] Вой шўрим! Олтин хира тортди, Соф тилла жилосини йўқотди. Ҳар бир кўча бошида Маъбад тошлари сочилиб ётибди.
[2] Қуддуснинг азиз фарзандлари Олтиндан ҳам қадрли эди, Эвоҳ, энди эса улар Кулол ясаган сопол идишдай Қадрсиз бўлиб қолдилар.
[3] Ҳатто чиябўрилар Ўз болаларини эмизишар. Менинг халқим эса туяқушга ўхшаб қолди, Улар ўз фарзандларига шафқат қилмайди.
[4] Чақалоқлар жуда чанқаган Тиллари танглайига ёпишиб қолган, Нон сўраб, ёш болалар тиланчилик қиляпти, Бироқ ҳеч ким уларга бир бурда ҳам нон бермайди.
[5] Тансиқ таомлар еган одамлар Энди кўчаларда очликдан ўляптилар. Қимматбаҳо либос кийиб ўсганлар Энди кул уюмлари орасида ётибдилар.
[6] Садўм шаҳрига қарши инсон қўли кўтарилмади, Аммо бу шаҳар бир зумда вайрон бўлди. Халқимнинг тортган жазоси Садўмнинг жазосидан ҳам оғирроқ бўлди.
[7] Сутдан ҳам оқ, қордан ҳам оппоқ эди Йўлбошчиларимизнинг кўнгиллари, Маржондай товланарди соғлом таналари, Ёқутдай кўркам эди кўринишлари.
[8] Энди таниб бўлмас уларни кўчаларда, Уларнинг юзлари куядан ҳам қорароқ тусда. Бужмайган терилари суякларга ёпишган, Тарашадан ҳам баттар қуриб–қақшаб кетган.
[9] Қилич тиғидан нобуд бўлганлар Бахтлироқдир очлик қурбонларидан. Зеро, қаҳатчиликка дучор бўлганлар Жонларини аста–секин таслим қиларлар.
[10] Меҳрибон оналар туққан болаларини Ўз қўллари билан пиширдилар. Халқим ҳалокатга учраганда, Болалари уларга емиш бўлди.
[11] Эгамизнинг қаҳр–ғазаби қайнади, У аччиқ қаҳрини сочди, Қуддус шаҳрида олов ёндирди, Олов шаҳарни пойдеворигача куйдирди.
[12] Душман Қуддус дарвозаларини ёриб ўтишига Ер юзидаги ҳукмдорлар ишонмаганлар. Жаҳондаги одамлар буни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганлар.
[13] Шаҳардаги пайғамбарларнинг гуноҳи, Руҳонийларнинг жиноятлари бунга сабаб бўлди. Ахир, улар шаҳарда солиҳ одамнинг қонини тўкдилар.
[14] Ҳа, улар ўз кийимини қонга булғадилар, Уларнинг кийимидан одамлар ҳазар қиладилар. Кўр одамдай бу йўлбошчилар Кўчаларда дайдиб юрибдилар.
[15] “Йўқол, ҳаром!” деб бақиради ҳамма уларга, “Йўқолларинг! Йўқол! Тега кўрманг сизлар бизларга!” Қочиб, ғарибу мусофир бўлиб юрганда улар, “Бу ердан чиқиб кетинглар”, деб халқлар уларни ҳайдар.
[16] Эгамизнинг Ўзи тарқатиб юборди уларни, Бу йўлбошчиларга энди У назар солмайди. Руҳонийларга ҳеч ким ҳурмат кўрсатмайди, Оқсоқолларга ҳеч ким марҳамат қилмайди.
[17] Беҳуда кутавериб мадад, Толди бизнинг кўзимиз, Мадад бера олмайдиган бир халққа Умид боғлаган эканмиз.
[18] Ҳар бир қадамимизни пойлади ёвимиз, Ўз кўчаларимизда юролмадик биз. Бор–йўғи саноқли кунимиз қолди. Бизнинг умримиз поёнига етди.
[19] Бизни таъқиб қилувчилар Бургутдан ҳам тезроқ учишарди, Улар тоғларда бизни овлашарди, Чўлларда бизни пойлашарди.
[20] Эгамиз танлаган шоҳ уларнинг тузоғига илинди, Эвоҳ, ҳаётимиз манбаи у эди. Биз шоҳимиз соясида Халқлар орасида яшаймиз, деб ўйлагандик.
[21] Эй Уз юртида яшовчи қиз Эдом, Хурсанд бўл, шодлан! Бироқ сен ҳам жазо косасидан ичасан, Маст бўлиб кийимингни ечасан.
[22] Эй қиз Қуддус, жиноятларинг учун Сен жазоингни тортиб бўлдинг. Энди Эгамиз сени сургунда ушлаб турмайди. Эй қиз Эдом, сенинг гуноҳларингни эса Эгамиз фош қилади, Жиноятларинг учун У сени жазолайди.