Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:05

[1] Вой шўрим! Одамларга тўлиб–тошган бир вақтлар, Нақадар ёлғиздир энди бу шаҳар! Халқлар орасида шуҳрат қозонган, Энди бир бева аёлга у ўхшаб қолган. У вилоятлар орасида маликадай эди, Энди у бир чўрига ўхшаб қолди.

[2] Кечалари у аччиқ–аччиқ йиғлайди, Кўзларидан ёшлар оқади. Уни юпатадиган бирон кимса Йўқдир ўйнашларининг орасида. Дўстлари унга хиёнат қилишди, Унга душман бўлиб қолишди.

[3] Яҳудо халқи сургун бўлиб, азоблар тортди, Тутқунликнинг машаққатини у тотиб кўрди. Бегона халқлар орасида ўрнашганда, Ўзига ором топа олмади. У танг аҳволга тушиб қолганда, Таъқиб этувчилар уни қўлга олди.

[4] Қуддусга борадиган йўллар тутяпти мотам, Ахир, белгиланган байрамларга келмас бирор ҳам одам. Шаҳарнинг ҳамма дарвозалари ҳувиллаб қолди, Руҳонийлари хўрсиниб ўтирибди. Қуддуслик қизлар қайғуга ботган, Қуддуснинг ўзи ҳам изтиробда қолган.

[5] Қуддусга душманлари бош бўлди, Унинг ғанимлари равнақ топди. Қуддус беҳад кўп гуноҳ қилди, Шу сабабдан Эгамиз уни азобга солди. Қуддуснинг фарзандлари сургун қилинди, Ғанимлари уларни олиб кетди.

[6] Қиз Қуддус ўз савлатини йўқотди. Йўлбошчилари ўтлоқ топа олмаган кийикка ўхшайди. Овчидан қочишга уларнинг мадори қолмади.

[7] Кулфату саргардонлик кунларида Қуддус олдинги хазиналарини эслади. Унинг аҳолиси душманларга таслим бўлганда, Қуддусга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ эди. Ғанимлари унинг қулашини томоша қилиб, Қуддусни масхара қиларди.

[8] Ҳа, Қуддус жирканч гуноҳга қўл урди, Атрофдагиларга у кулги бўлди. Олдин уни эъзозлаганларнинг ҳаммаси Энди ундан ҳазар қилади. Қуддуснинг шармандалигини улар кўрдилар. Мана энди Қуддус хўрсиниб ўтирибди, Ҳаммадан юзини яшириб ўтирибди.

[9] Унинг нопоклиги кийимини доғ қилди, Келажаги ҳақида у қайғурмади. У даҳшатли тарзда қулади, Унинг юпатувчиси йўқ эди. У шундай деб ёлворди: “Кулфатимга бир назар солгин, эй Эгам, Зеро, душманларим ғолиб келди устимдан!”

[10] Ғанимлар Қуддус хазиналарига чанг солди. Қуддуснинг кўзи олдида Бегона халқлар муқаддас маконга кирди. Аммо Эгамиз ўша ғайрияҳудийларга Ҳатто Исроил жамоаси йиғинида бўлишни ман этганди!

[11] Мана энди шаҳардаги ҳамма одамлар хўрсиниб, Бир бурда нонни излаб юрибди. Улар бойликларини сотиб, овқат олишяпти, Шу йўсин ўз жонларини сақлашяпти. Қуддус шундай деб ёлвормоқда: “Эй Эгам, менга бир боққин, Хор бўлганимни кўриб қўйгин!”

[12] Қуддус ўтган–кетганларга хитоб қилади: “Наҳотки сизларга барибир бўлса?! Менга бир қаранглар! — деб ёлворади. — Эгамиз ғазаб кунида менга азоб берган, Бундай азобни ҳеч ким кўрмаган.

[13] У осмондан олов юборди, Ўша олов ичимни ёндирди. Эгамиз оёғимга тузоқ қўйди, Мени ортга қайтишга мажбур қилди. Адойи тамом қилди мени Худойим, Азобу аламда қолди менинг жоним.

[14] Гуноҳларим бўйинтуруққа айланган, Ўша бўйинтуруқни Эгамизнинг Ўзи ясаган. У гуноҳларимни бўйнимга осди. Мени тамом ҳолдан тойдирди. Раббий берди мени душманларим қўлига, Мен қаршилик қила олмайман уларга.

[15] Раббий кучли жангчиларимни рад этди, Йигитларимни яксон қилиш учун лашкар юборди. Бокира қиз Яҳудони Раббий узум эзгандай эзди.

[16] Шунинг учун мен фарёд қиламан, Кўз ёшимни сел–сел оқизаман. Ахир, юпатувчим мендан узоқда, Жонимга оро кирувчи олисда. Эвоҳ, душманларим мендан ғолиб келди, Фарзандларим хонавайрон бўлди.”

[17] Қуддус қўлларини чўзиб ёрдам сўрайди, Бироқ ҳеч ким уни юпатмайди. Эгамиз қўшни халқларга амр берди, Шунда ҳаммаси Ёқуб наслига душман бўлиб қолди. Душманларининг назарида Қуддус ахлатдай жирканч бўлиб қолди.

[18] Қуддус айтмоқда: “Ҳа, менинг Эгам ҳақ, Ахир, ўзим Унинг амрига қарши бош кўтардим. Эй халқлар, менга қулоқ солинг, Менинг кулфатимни кўриб қўйинг. Менинг йигит–қизларим сургун бўлди.

[19] Мен ўйнашларимни чақирдим, Улар эса мени алдашди. Жонини сақлаш учун нон излаган Руҳонию оқсоқолларим кўчаларда жон берди.

[20] Эй Эгам, кўриб қўйгин қайғумни, Кўргин тўкилиб турган юрагимни. Эвоҳ, юрак–бағрим эзилиб кетди, Ахир, мен Сенга қарши бош кўтардим. Ана, ташқарида қилич одамларни чопяпти, Ичкарида ўлим ҳукмронлик қиляпти.

[21] Одамлар оҳу нолаларимни эшитди, Бироқ менинг юпатувчим йўқ эди. Ғанимларим эшитди кулфатларим ҳақида, Хурсанд бўлишди қилган ишингдан шунда. Сен эълон қилган ўша кунинг келсин, Душманларим ҳам менинг ҳолимга тушсин.

[22] Назарингдан қочмасин уларнинг қилган қабиҳликлари, Гуноҳим учун мени жазолагандай жазолагин уларни. Кўпдир менинг оҳу нолаларим, Ҳеч ҳам қолмади менинг мадорим.”

Еремиё пайғамбарнинг марсияси — Chapters