[1] Азобларда қолган инсонман, Худонинг ғазаби туфайли таёқ едим.
[2] Бошлаб борди Эгам мени зулматга, Нур тушмайдиган қоронғи жойга.
[3] Ёлғиз менга қарши У қўл кўтарди, Кун бўйи мени қайта–қайта жазолади.
[4] Қаритиб юборди эту теримни, Синдириб ташлади суякларимни.
[5] Ғам–аламга мени тутқун қилди, Жабру жафо зиндонига мени ташлади.
[6] Мажбур қилди мени зимистонда яшашга, Ўхшаб қолдим мен анча олдин ўлган одамга!
[7] Қочиб кетмасин дея, Худо атрофимни қуршади, Оғир занжирлар билан мени кишанбанд этди.
[8] Ёрдам сўраб ёлворсам ҳам мен Унга, Қулоқ солмас У менинг фиғонимга.
[9] Йўнилган тошлар билан У йўлимни тўсди, Юрган йўлимни чалкаштириб юборди.
[10] Пойлади У мени айиқдай, Ташланмоқчи бўлди менга шердай.
[11] Сўнг мени судради бир четга, Ғажиди, солиб кетди танг аҳволга.
[12] Худо Ўз ёйини тортди, Ўқларига мени нишон қилди.
[13] Садоғидаги ўқлари билан юрагимни тешди.
[14] Мана энди ўз халқим устимдан кулмоқда, Уззукун улар мени мазах қилиб, қўшиқ куйламоқда.
[15] Худо менга аччиқ ўтдан едирди, Заҳарли сувдан менга ичирди.
[16] Мени оёқ ости қилиб, тупроққа белади, Шағал едириб, тишларимни синдирди.
[17] Тинчлик билмас энди менинг жоним, Бахт нималигини тамом унутдим,
[18] Шунда ўзимга дедим: “Адойи тамом бўлдим! Барбод бўлди Эгамга бўлган умидим!”
[19] Кулфату саргардонлик ҳақидаги ўйларим Заҳарли сувга, аччиқ ўтга ўхшайди.
[20] Бундай ўйларга толган менинг жоним Тушкунликка тушди.
[21] Бироқ мен бир нарсани ёдда тутарман, Шунинг учун доим умид қиларман:
[22] Эгамнинг содиқ севгиси бўлмайди адо, Унинг раҳму шафқати тугамас асло.
[23] Ҳар тонг улар янгиланади, Буюкдир Эгамнинг садоқати!
[24] Қалбимда айтаман: “Эгамдир менинг бор–йўғим, Шундай экан, ёлғиз Ундадир менинг умидим.”
[25] Эгамиз Ўзига умид боғлаганларга яхшилик қилади, Унга интилган ҳар бир жонга эзгулигини кўрсатади.
[26] Эгамизнинг нажотини тоқат ила кутиш яхшидир.
[27] Ёшликдан тарбияга бўйсуниш яхшидир.
[28] Раббий тарбиялаганда, Ёлғиз ўтириб, сукут сақлайлик.
[29] Бундай вақтларда ер ўпиб таъзим қилайлик, Ахир, яна умид бордир.
[30] Тарсаки еганимизда қаршилик қилмайлик, Эшитган кўп ҳақоратларни ичимизга ютайлик.
[31] Зеро, Раббий бизни абадий ташлаб қўймайди!
[32] Унинг Ўзи бизга қайғу келтирган бўлса–да, Ўзи бизга раҳм–шафқат қилади. Ахир, Унинг содиқ севгиси буюкдир!
[33] Ҳа, У инсонга ғам келтириб, озор беришни хуш кўрмайди.
[34] Юртдаги ҳамма асирларнинг оёқ ости бўлганини,
[35] Одамлар ҳақ–ҳуқуқдан маҳрум бўлганини Худойи Таоло кўриб турибди.
[36] Бир ёқлама ҳукм чиқарилганини Раббий билиб турибди.
[37] Раббийнинг ижозатисиз, Ҳеч кимнинг буйруғи бажо бўлмас.
[38] Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Худойи Таолонинг амрисиз содир бўлмас.
[39] Ҳануз ҳаёт эканмиз, Гуноҳимиз учун жазо тортганда нолимайлик!
[40] Тутган йўлларимизни яхшилаб текширайлик, Эгамизга қайтайлик.
[41] Қўлларимизни осмонга чўзиб, Чин дилдан самодаги Худога ёлвориб айтайлик:
[42] “Эй Эгамиз! Биз итоатсизлик қилдик, Сенга қарши бош кўтардик, Сен бизни кечирмадинг.
[43] Сен ғазабга миниб, таъқиб қилдинг бизни, Шафқатсиз қирдинг ҳаммамизни.
[44] Илтижоларимиз Сенга етиб бормаслиги учун Булутлар билан олдингни тўсдинг.
[45] Сен бизни ахлатдай ташлаб юбординг, Халқлар орасида супуриндидай қилдинг.
[46] Мана, барча ёвларимиз устимиздан куляпти.
[47] Биз ваҳимага тушдик, тузоққа илиндик, Фалокату ҳалокатга гирифтор бўлдик.”
[48] Сел–сел бўлиб оқар менинг кўз ёшларим, Ахир, қирилиб кетди менинг халқим!
[49] Эгамиз самодан бизга қарамагунча, Мен тўхтамай оби дийда қиламан, Тинмай кўз ёш тўкаман.
[51] Қуддусдаги ҳамма қизларнинг қисмати Юрак–бағримни эзиб юборди!
[52] Сабабсиз душманлик қилаётир менга одамлар, Қушни овлагандай мени овлади улар.
[53] Мени тириклайин чуқурликка ташлашди, Чуқурлик оғзини тош билан беркитишди.
[54] Сувлар кўтарилиб ошди бошимдан, “Адо бўлдим” дедим ичимда.
[55] Эй Эгам, чуқурлик тубидан Сенга илтижо қилдим.
[56] “Додимни тингла, беркитма қулоғингни!” дедим. Сен эшитдинг бу илтижоимни.
[57] Ёлворганимда Сен менга яқинлашдинг, “Қўрқма!” деб ўшанда менга айтдинг.
[58] Ё Раббий, Сен даъвоимни ҳимоя қилдинг, Менинг жонимни халос этдинг.
[59] Кўрдинг менга қилинган ноҳақликни, Эй Эгам, Ўзинг ёқлагин мени.
[60] Ёвларимнинг тил бириктирганини Сен кўрдинг, Менга қарши қилган ёвуз ниятларини билдинг.
[61] Эй Эгам, улар мени мазах қилганини Ўзинг эшитдинг, Менга қарши тил бириктирганини билдинг.
[62] Ғанимларим мени ғийбат қилар, Кун бўйи менга пичинг отар!
[63] Қара, улар ўтирса ҳам, турса ҳам, Мени мазах қилиб, қўшиқ куйлашар.
[64] Уларнинг қилмишларига яраша, Жазосини бергин, эй Эгам!
[65] Юракларига ғулғула солгин, Уларни лаънатга дучор қилгин,
[66] Ғазаб билан уларнинг кетидан қувла, Ер юзидан тамомила йўқ қилиб ташла!