[1] Леви қабиласи уруғбошилари келиб, руҳоний Элазар, Нун ўғли Ёшуа ва Исроил қабилаларининг бошлиқлари билан гаплашишди.
[2] Исроил халқи ҳали ҳам Канъон юртидаги Шилў шаҳрида эди. Леви қабиласидан келганлар шундай дейишди: “Леви қабиласига яшаш учун шаҳарлар, қўй–молларини боқиш учун эса шаҳарларнинг атрофидаги яйловларни бер, деб Эгамиз Мусога амр қилган эди.”
[3] Исроил халқи Эгамизнинг ўша амри бўйича, ўзларининг ерларидан Леви қабиласига баъзи шаҳарларни ва уларнинг атрофидаги яйловларни берди.
[4] Қуръа биринчи бўлиб, Леви қабиласининг Қоҳот уруғига тушди. Қоҳот уруғидан бўлган Ҳорун наслига Яҳудо, Шимўн ва Бенямин қабилаларига қарашли ўн учта шаҳар берилди.
[5] Яна қуръа бўйича Қоҳот уруғининг қолган оилаларига Иордан дарёсининг ғарбидаги Манаше қабиласининг ярмига тегишли ҳудуддан, Эфрайим ва Дан қабилалари ҳудудидан ўнта шаҳар берилди.
[6] Қуръа ташланиб, Гершон уруғидан бўлганларга Иордан дарёсининг шарқидаги Манаше қабиласининг ярмига тегишли Башандаги ҳудуддан, Иссахор, Ошер ва Нафтали қабилалари ҳудудидан ўн учта шаҳар берилди.
[7] Қуръа бўйича Марори уруғига Рубен, Гад ва Забулун қабилаларининг ҳудудидан ўн иккита шаҳар берилди.
[8] Исроил халқи Эгамизнинг Мусога берган амрига кўра, қуръа ташлаб мана шу шаҳарларни ва уларнинг яйловларини Леви қабиласига берди.
[9] Қуйида айтиб ўтилган, Яҳудо ва Шимўн қабилалари ҳудудларидаги шаҳарларни Исроил халқи қуръа бўйича, биринчи бўлиб Ҳоруннинг насли бўлган Қоҳот уруғига берди.
[11] Уларга Яҳудо қирларидаги Хират–Арба, яъни Хеврон шаҳри ва унинг атрофидаги яйловлар берилди. Арба Оноқ авлодининг бобокалони эди.
[12] Аммо Хират–Арба ёнидаги далалар ва атрофидаги қишлоқлар Яфунах ўғли Холибга мулк қилиб берилган эди.
[13] Паноҳ шаҳарларидан бири бўлган Хеврондан ташқари руҳоний Ҳорун наслига яна қуйидаги шаҳарлар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам берилди: Либна,
[14] Ятир, Эштамўва,
[15] Хўлун, Давир,
[16] Ойин, Ютто ва Байт–Шамаш — ҳаммаси бўлиб Яҳудо ва Шимўн қабилаларининг ҳудудларидаги мана шу тўққизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар.
[17] Бенямин қабиласининг ҳудудидан эса қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди: Гивон, Гебо,
[18] Онотўт, Элмўн.
[19] Мана шу ўн учта шаҳар Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга берилди.
[20] Қоҳот уруғининг қолган оилаларига Эфрайим қабиласи ҳудудидан қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ажратиб берилди:
[21] Эфрайим қирларидаги паноҳ шаҳри бўлган Шакам, Гезер,
[22] Хивзайим, Байт–Хўрон.
[23] Дан қабиласининг ҳудудидан қуйидаги тўрт шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам руҳонийларга берилди: Элтаха, Гибитон,
[24] Ойжавлон, Гат–Риммон.
[25] Иорданнинг ғарб томонидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ҳудуддан қуйидаги иккита шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар руҳонийларга берилди: Танах, Билом.
[26] Қоҳот уруғининг қолган оилаларига мана шу ўнта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди.
[27] Иорданнинг шарқидаги Манаше қабиласининг ярмига берилган ҳудуддан Леви қабиласининг Гершон уруғига қуйидаги икки шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди: Бештара шаҳри ва Башандаги паноҳ шаҳар Гўлон.
[28] Иссахор қабиласининг ҳудудидан уларга яна қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам берилди: Хишион, Доварат,
[29] Ярмут ва Эн–Ханним.
[30] Ошер қабиласининг ҳудудидаги қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам Гершон уруғига берилди: Мишол, Абдўн,
[31] Халкат ва Рехоб.
[32] Улар яна Нафтали қабиласи ҳудудидан қуйидаги учта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловларни ҳам олдилар: Хаммутдўр, Картан ва Жалиладаги паноҳ шаҳар Кедеш.
[33] Гершон уруғига мана шу ўн учта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди.
[34] Леви қабиласининг қолганларига, яъни Марори уруғига Забулун қабиласининг ҳудудидан қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди: Ёхнаём, Картах,
[35] Димна, Наҳалил.
[36] Рубен қабиласининг ҳудудидан қуйидаги тўртта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар ҳам Марори уруғига берилди: Базер, Яхаз,
[37] Кадамўт, Мифат.
[38] Гад қабиласининг ҳудудидан эса қуйидаги тўртта шаҳар ва ўша шаҳарларнинг атрофидаги яйловлар уларга берилди: Гиладдаги паноҳ шаҳар Рамўт, Моханайим,
[39] Хашбон, Язир.
[40] Леви қабиласининг Марори уруғига мана шу ўн иккита шаҳар берилди.
[41] Исроил халқининг ерларидан Леви қабиласига ҳаммаси бўлиб қирқ саккизта шаҳар ва уларнинг атрофидаги яйловлар берилди.
[42] Мана шу шаҳарларнинг ҳар бирининг атрофида яйловлар бор эди.
[43] Эгамиз Исроил халқига бутун юртни берди. Эгамизнинг Ўзи Исроил халқининг ота–боболарига, мана шу ерларни сизларга бераман, деб ваъда қилган эди. Исроил халқи у ерларни эгаллаб, ўша ерларда жойлашди.
[44] Эгамиз уларнинг ота–боболарига ваъда қилгандай, бутун юрт бўйлаб Исроил халқига осойишталик берди. Ҳеч бир душман уларга бас кела олмади, чунки Эгамизнинг Ўзи Исроил халқига душманларининг устидан ғалаба берган эди.
[45] Эгамиз Исроил халқига берган эзгу ваъдаларнинг ҳаммаси рўёбга чиқди, бирортаси ҳам бажарилмай қолмади.