Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:39

[1] Ёшуа Шитимдаги қароргоҳдан икки кишини яширинча айғоқчи қилиб юборди. Юборишдан олдин уларга: “Бориб, Канъон юртини, айниқса, Ерихо шаҳрини яхшилаб кўриб келинглар”, деди. Айғоқчилар Ерихога кетишди. Бориб, Раҳоба исмли бир фоҳишанинг уйида тунаб қолишди.

[2] Ерихо шоҳига: “Бугун кечқурун Исроил халқидан бир нечтаси бутун юртимизни текшириш учун келишибди” деган хабар етиб борди.

[3] Шунда шоҳ Раҳобага хабар юбориб: “Юртимизни текширишга келган кишилар сенинг уйингга кирибди. Энди уларни ташқарига олиб чиқ”, деб буюрди.

[4] Лекин аёл ўша кишиларни яшириб қўйган эди. У шоҳнинг одамларига шундай деди: “Тўғри, ўша кишилар меникига келган эди, лекин уларнинг қаердан келганини билмагандим.

[5] Кеч тушиб, шаҳар дарвозаси ёпилишидан олдин улар чиқиб кетишди. У кишилар қаерга кетганини билмайман. Агар тез орқасидан борсангиз, уларни ушлашингиз мумкин.”

[6] Аслида Раҳоба уларни томга олиб чиқиб, қуритиш учун ёйиб қўйилган зиғир боғламлари тагига яшириб қўйган эди.

[7] Шоҳнинг одамлари шаҳардан чиқиб кетиши биланоқ, шаҳар дарвозаси ёпилди. Улар айғоқчиларни қидириб, Иордан дарёсининг кечув жойигача боришди.

[8] Айғоқчилар ухлашга ётишдан олдин Раҳоба томга чиқиб,

[9] уларга шундай деди: “Эгангиз бизнинг юртимизни сизларга берганлигини биламан. Бутун халқимиз билан сизлардан қўрқиб қолганмиз. Шу ерда яшайдиганларнинг ҳаммаси сизлар ҳақингизда эшитиб ваҳимага тушган.

[10] Биз эшитдик, сизлар Мисрдан чиққанингиздан кейин, Эгангиз олдингизда Қизил денгиз сувларини қуритибди. Иорданнинг шарқ томонидаги Амор халқининг шоҳлари Ўг ва Сихўнни нима қилганингизни, уларнинг одамларини бутунлай қириб ташлаганингизни ҳам эшитдик.

[11] Бу воқеалар ҳақида эшитишимиз биланоқ юракларимиз орқага тортиб кетди, сизлардан қўрққанимиз учун жасоратимиздан асар ҳам қолмади. Чунки Эгангиз Худо еру самодаги Худодир.

[12] Мен сизларга марҳамат кўрсатдим. Энди шунинг учун Эгангиз ҳақи қасам ичиб, сенинг оилангга ҳам меҳрибонлик қиламиз, деб кафолат беринг.

[13] Мана шу кафолат ота–онам, ака–укам, опа–сингилларим ва уларга қарашли бўлганларни сақлаб қолишингизни, бизни ўлимдан қутқаришингизни билдирсин.”

[14] Айғоқчилар унга шундай дейишди: “Агар биз ҳақимизда ҳеч кимга айтмасанг, Эгамиз бизга шу ерни берганда, сен ва сенинг оилангга марҳамат кўрсатамиз, деб ваъда берамиз. Сизларга бирор нарса бўлса, Худо жонимизни олсин.”

[15] Раҳобанинг уйи шаҳар деворларига тақалиб қурилганлиги учун, деразаси шаҳардан ташқарига қараб турган эди. Раҳоба мана шу деразадан арқон тушириб, айғоқчиларнинг қочишига ёрдам берди.

[16] Улар кетишидан олдин, Раҳоба: “Сизларни қуваётганлар топиб олмаслиги учун қирларга боринглар. Ўша ерда уч кун яширининглар. Улар қайтиб келганларидан кейин ўз йўлингизга кетаверасиз”, — деган эди.

[17] Айғоқчилар Раҳобага жавобан шундай дейишган эди: “Биз бу ерга ҳужум қилганимизда мана шу қизил арқонни биз тушадиган деразангга боғлаб, осилтириб қўйгин. Оилангдагиларнинг ҳаммаси — ота–онанг, ака–уканг, қариндош–уруғларинг уйингда бўлиши керак, бўлмаса, биз сенга ичган қасамимиздан халос бўламиз.

[19] Бирортаси эшигингдан ташқарига, кўчага чиқса, ўз ўлимига ўзи жавобгар бўлади, биз гуноҳкор бўлмаймиз. Лекин сен билан уй ичида бўлганларга бирортаси қўл теккизса, уларнинг ўлимига биз жавобгар бўламиз.

[20] Лекин мабодо биз ҳақимизда бировга оғиз очсанг, сен бизга ичтирган қасамдан халос бўламиз.”

[21] Раҳоба: “Сизлар нима десангиз шундай бўлсин” деган сўзлар билан айғоқчиларни чиқариб юборди. Улар ўз йўлларига кетишди. Кейин Раҳоба қизил арқонни деразасига боғлаб қўйди.

[22] Ўша айғоқчилар бориб, қирларда уч кун, уларни излаб юрганлар қайтгунча туришди. Уларни қувиб кетганлар йўл бўйидаги ҳамма жойларни излаб ҳам ҳеч кимни топа олмадилар.

[23] Айғоқчилар қирдан қайтиб тушишди. Улар дарёни кечиб ўтиб, Ёшуанинг олдига келиб, бўлган воқеаларнинг ҳаммасини унга айтиб беришди.

[24] Улар Ёшуага: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз бутун юртни бизнинг қўлимизга берган. У ерда яшовчиларнинг ҳаммаси бизларни деб ваҳимага тушган”, дейишди.

Ёшуа китоби — Chapters