Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:01

[1] Бу воқеадан Юнус қаттиқ хафа бўлиб ғазабланди.

[2] У Эгамизга ибодат қилиб деди: “Эй Эгам! Шунақа қилишингни ўз юртимда эканимдаёқ айтмаганмидим?! Шунинг учун мен Таршишга қочган эдим–да. Сен иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл, ғазабидан тушиб кечирадиган Худо эканлигингни билган эдим.

[3] Энди, илтижо қиламан, Эгам, жонимни олиб қўя қол. Яшаганимдан кўра, ўлганим яхшироқ.”

[4] Эгамиз эса: “Наҳотки шундан сен хафа бўлдинг?!” деди.

[5] Юнус шаҳардан чиқиб, шаҳарнинг шарқ томонига бориб ўтирди. Шу ерда чайла ясаб, энди шаҳарга нима бўларкин, деб чайланинг соясида кутиб ўтирди.

[6] Бир пайт, Юнуснинг бошига соя бўлсин, қайғуси барҳам топсин деб, Парвардигор Эгамиз бир ўсимлик ўстирди. Ўсимлик Юнуснинг тепасида кўтарилди. Юнус бу ўсимлик ўсганидан жуда хурсанд бўлди.

[7] Кейинги куни эса тонг пайтида Худо бир қуртни юборган эди, қурт ўсимликни кемириб қуритди.

[8] Қуёш юқорига кўтарилганда, Худо шарқдан гармсел юборди. Қуёш Юнуснинг бошини шундай қиздирдики, у ҳолдан кета бошлади. Юнус: “Бунақа яшаганимдан, ўлганим яхшироқ”, деб ўзига ўлим тилади.

[9] Худо Юнусга: — Битта ўсимлик нобуд бўлганидан жаҳлинг чиқдими? — деди. — Ҳа, жаҳлим чиқди, ўлимимга ҳам рози бўлдим, — деб жавоб берди Юнус.

[10] Шунда Эгамиз айтди: — Бу ўсимлик учун сен меҳнат қилмагансан, экиб–ўстирмагансан, ўзи бир кечада ўсиб, бир кечада йўқ бўлди. Сен шу ўсимлик учун ачинганингда,

[11] Мен қудратли Найнаво шаҳрига ачинмаслигим керакми?! Ахир, бу ерда оқ–қорани ажрата олмайдиган болаларнинг ўзидан юз йигирма мингдан ортиғи ва талай ҳайвонлар яшайди–ку!

Юнус пайғамбарнинг китоби — Chapters