Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:54

[1] Бир куни Амитай ўғли Юнусга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

[2] “Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бор. Жар солиб, у ердагиларни огоҳлантир, чунки шаҳар аҳли қилган қабиҳликлар Менга етиб келди.”

[3] Юнус йўлга тушди, лекин Эгамиздан қочиб бошқа томонга кетмоқчи бўлди. У Яффага келиб, у ерда Таршишга борадиган кемани топди. Йўл ҳақини тўлади–да, Эгамиздан қочиб Таршишга сузиб кетгани кемачилар билан кемага чиқди.

[4] Аммо Эгамиз шундай кучли шамол қўзғатдики, денгизда даҳшатли бўрон бошланди. Бўрон кемани парчалаб юборай дерди.

[5] Бундан кемачилар ваҳимага тушиб, ҳар бири ўз худосига ёлворди. Кейин, кема енгиллашсин деб, у ердаги юкларни денгизга улоқтира бошладилар. Юнус эса кеманинг ичкарисига кириб, қаттиқ уйқуга кетган эди.

[6] Бир пайт кема дарғаси Юнуснинг ёнига келиб: “Нега сен ухлаб ётибсан? Тур, худойингга ёлвор! Балки у бизларни эсласа, ҳалок бўлмасмиз”, деди.

[7] Кемадагилар эса бир–бирларига: “Келинглар, қуръа ташлайлик, шунда бу фалокат ким сабабли бошимизга келганини биламиз”, дедилар. Қуръа ташлаган эдилар, қуръа Юнусга тушди.

[8] Кейин Юнусдан сўрадилар: “Бизга айт–чи, нима сабабдан бошимизга бу фалокат тушди? Сен кимсан? Қаердан келяпсан? Қайси юртдансан? Қанақа халқдансан?”

[9] Юнус уларга шундай жавоб берди: “Мен ибронийман, денгиз ва қуруқликни яратган Самовий Худо — Эгамга сиғинаман.”

[10] Улар Юнуснинг Эгамиздан қочиб кетаётганини билардилар. Чунки Юнуснинг ўзи бу ҳақда уларга айтган эди. Улар бу гапни эшитиб, яна ҳам қаттиқроқ даҳшатга тушдилар ва унга: “Нега бундай қилдинг–а?!” дедилар.

[11] Кемадагилар Юнусга: “Денгиз тинчланиши учун сени нима қилсак экан–а?” деб сўрадилар. Чунки денгиз янада ваҳима билан тўлқинланарди.

[12] Шунда Юнус кемадагиларга деди: “Мени олиб, денгизга улоқтирсангизлар, денгиз тинчланади. Биламан, бу кучли бўрон мен туфайли бошларингизга келган.”

[13] Кемадагилар эса кемани қуруқликка олиб бормоқчи бўлиб роса эшкак эшдилар, аммо бунга муваффақ бўла олмадилар, чунки денгиз уларга қарши баттар қутураётган эди.

[14] Шунда улар Эгамизга ёлвордилар: “Эй Эгамиз! Сен Ўзингга маъқул бўлганини қилиб, бизни шу аҳволга солдинг. Эй Эгамиз! Сенга илтижо қиламиз: шу одамнинг жони учун бизларни ҳалок қилма, бегуноҳ одамнинг ўлимига бизларни жавобгар қилма.”

[15] Шундан кейин Юнусни олиб денгизга улоқтирган эдилар, денгиз тинчланиб қолди.

[16] Бу воқеани одамлар кўргач, Эгамиздан қаттиқ қўрқдилар. Унга қурбонлик қилиб, назр атадилар.

Юнус пайғамбарнинг китоби — Chapters