[1] Юнусни ютсин деб, Эгамиз наҳанг балиқни юборди. Юнус уч кечаю уч кундуз балиқ қорнида қолди.
[2] Юнус балиқнинг қорнида экан, ўзининг Эгаси Худога шундай деб ибодат қилди:
[3] “Эй Эгам, қайғули дамларимда Сенга қилдим илтижо, Илтижоларимни Сен эшитдинг. Ўликлар диёрининг қаъридан фарёд кўтардим, Сен эшитдинг овозларимни.
[4] Мени отгандинг тубсиз чуқурга, Денгиз бағрига, Мени қуршаб олганди сувнинг гирдоби. Сенинг тўлқинларинг Ўтгандилар устимдан босиб.
[5] Сенинг ҳузурингдан Қувилганман, дедим ўшанда, Лекин муқаддас Маъбадингни Яна кўраман!
[6] Сувлар мени бўғзимгача кўмганди, Тубсиз денгиз атрофимни ўради. Денгиз ўтлари бошимга ўралиб қолди.
[7] Тоғларнинг тубига чўккандим — Занжирлари билан то абад менга тўсиқ қўйган жойга. Сен эса, эй Эгам Худо, Жонимни ўша жойдан қутқардинг!
[8] Эй Эгам, ҳаётим онлари тугай деганда, Мен Сени эсладим. Илтижоларим Сенгача, Муқаддас Маъбадинггача етиб борди.
[9] Сохта, бемаъни бутларга сиғинадиганлар Сенга бўлган садоқатидан воз кечдилар!
[10] Мен эса шукрона айтиб, Сенга қурбонлик келтираман. Атаган назрларимни адо этаман. Эй Эгам, нажот фақат Сендандир!”
[11] Эгамиз шундан кейин наҳанг балиққа амр берган эди, наҳанг балиқ Юнусни қуруқликка чиқариб қўйди.