Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:29

[1] Абунавам ўғли Барақ билан Добира ўша куни шундай қўшиқ куйлашди:

[2] “Исроил йўлбошчилари йўл бошлаганда, Халқ фидойилик кўрсатганда, Эгамизга ҳамду санолар айтинг!

[3] Эшитинг, сизлар, эй шоҳлар! Қулоқ солинг, эй йўлбошчилар! Эгамизга мен қўшиқ айтарман, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни Куйлаб соз чаларман.

[4] Сен, эй Эгам, Сеирдан йўлга чиққанингда, Эдом бўйлаб юриш қилганингда, Ер силкинди, осмон ёмғирин қуйди, Ҳа, булутлар шаррос ёмғирин тўкди.

[5] Тоғлар титради Синайдаги Эгамиз олдида, Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг олдида.

[6] Онот ўғли Шамгар даврида, Ёвел замонида юрмай қўйганди карвон. Йўловчилар сўқмоқдан юришга бўлди мажбур.

[7] Исроил қишлоқлари ҳувиллаб қолди буткул. Мен, Добира, келгунимга қадар, Исроилнинг волидаси сингари, Бўм–бўш эди Исроил қишлоқлари!

[8] Янги худоларни Исроил халқи танлаганда, Жанг қизиди шаҳар дарвозаларида. На қалқони, на найзаси бор эди Исроилнинг қирқ мингта сипоҳида.

[9] Қалбим мойил Исроил йўлбошчиларига, Халқнинг орасидаги фидойиларга. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

[10] Эшитинг, эй оқ хачир минганлар, Қимматбаҳо эгарларда ўтирганлар! Эй йўлда яёв юрганлар!

[11] Қудуқ олдидаги чўпонларнинг овозларин эшитинг. Мадҳ қилаётир улар Эгамизнинг зафарларини, Исроилдаги қишлоқларнинг ғалабаларини. Шаҳар дарвозаларига ҳамла қилди Эгамиз халқи:

[12] «Олға бос, Добира, олға бос илдам! Олға бос, куйлагин жанговар қўшиқ! Абунавам ўғли Барақ! Қани, бўл сен ҳам! Асирларингни ўзинг бошлагин!»

[13] Халқнинг қолгани бўйсундирди баҳодирларни, Эгамиз халқи мағлуб қилди паҳлавонларни,

[14] Омолекларни енгган Эфрайимдан чиққанди. Бенямин ҳам сенга эргашди, Мохир наслидан келишди лашкарбошилар, Забулун қавмидан — ҳокимлик таёғин тутганлар.

[15] Добирага қўшилди Иссахор йўлбошчилари, Барақни қўллади Иссахор ўғлонлари. Водийга шошилди улар Барақ ортидан. Аммо беқарорлик қилди Рубеннинг насли.

[16] Нега сизлар қўраларда қолдингиз, эй Рубен? Чўпонларнинг қурей–қурейларин эшитганими?! Беқарорлик қилди–ку Рубеннинг насли.

[17] Гилад Иордан ортида қолди. Дан ўз кемалари ёнида қолди. Ошер денгиз соҳилида ўрнашиб олди, Ўз кўрфазларида жойлашиб қолди.

[18] Ўлимдан қўрқмади Забулун лашкари, Жонин аямади Нафтали ҳам жанг майдонида.

[19] Танахда, Магидў сувлари ёнида Канъон шоҳлари уруш очишди. Бироқ хазинани улар ўлжа қила олмади.

[20] Жанг қилди юлдузлар самода туриб, Сисарога уруш қилди ўз йўлларида юриб.

[21] Супуриб ташлади душманни Хишон дарёси, Ўша кўҳна дарё — Хишон дарёси. Эй жоним! Куч ила олға бос!

[22] Тулпорлар келди дупур–дупур қилиб, Сисаро отларининг туёқлари ерни тамғалаб.

[23] «Мироз шаҳрини лаънатла, — дейди Эгамизнинг фариштаси, — Аҳолисини ҳам қаттиқ қарғагин, Улар келмади Эгамизга мадад бергани, Паҳлавонларга қарши Эгамизга мадад бергани.»

[24] Хайин уруғидан бўлган Хабернинг хотини — Ёвел Аёллар орасида барака топсин! Чодирларда яшайдиган аёлларнинг бахтлиси бўлсин.

[25] Сисаро сув сўраганда Ёвел келтирди сут, Шоҳкосада қатиқ олиб келди у.

[26] Чодир қозиғини қўлига олди, Ўнг қўлида болғани тутди. Зарба билан Сисаронинг бошини ёрди, Чаккасига бир уриб, тешиб юборди.

[27] Сисаро сулайиб йиқилиб тушди, Ёвелнинг оёғи остида чурқ этмай қолди. Ёвелнинг оёғи остида сулайиб қолди, Йиқилган жойида жон таслим қилди.

[28] Сисаронинг онаси деразадан кўчага қарар, Панжара ортидан у зорланиб айтар: «Аравалар қолиб кетди намунча? Туёқлар овози эшитилмас ҳанузгача?»

[29] Жавоб берар унинг доно аёллари, Жавоб берар такрор–такрор ўзига ўзи:

[30] «Бўлишаётгандир улар ўлжани, Ҳар қайси сипоҳга бир–икки жувонни, Сисарога ранг–баранг либосларни. Ғолибларга олиб келар икки ҳисса қилиб Нафис нақшли либосларни.»

[31] Эй Эгамиз! Душманларинг барчаси Сисарога ўхшаб қирилиб кетсин! Дўстларинг–чи, чиқаётган қуёшдай Чарақлаб турсин!” Юртда қирқ йил тинчлик барқарор бўлди.

Ҳакамлар китоби — Chapters