Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:07

[1] Эфрайим қирларида Михо деган бир одам яшарди.

[2] Бир куни у онасига шундай деди: — Она, эсингиздами, 1100 бўлак кумушни ўғирлатиб қўйган эдингиз. Ўшанда ўғрини олдимда қарғагансиз. Мана, ўша кумушингиз. Уни мен олгандим. Шунда онаси: — Илойим барака топгин, ўғлим! — деди.

[3] Михо 1100 бўлак кумушни онасига қайтариб берди. Онаси эса: — Мен бу кумушни бош–кўзингдан хайр–садақа қилиб, Эгамга бағишлайман, — деди, — ундан қуйма ва ўйма бутлар ясаттираман. Ўша кумуш ўзингга қайтиб келади, ўғлим.

[4] Михо қайтариб берган кумуш бўлакларининг 200 тасини онаси заргарга берди. Заргар бут ясаб, уни кумуш билан қоплади. Тайёр бўлган бут Михонинг уйига ўрнатилди.

[5] Михонинг бир саждагоҳи бор эди. У руҳонийлар киядиган махсус либос тиктириб, яна бир нечта хонаки санамлар ясаттирди, сўнг ўғилларидан бирини ўзининг саждагоҳига руҳоний қилиб тайинлади.

[6] Ўша даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.

[7] Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳрида бир ёш леви яшарди.

[8] Бу одам ўзига бошқа жойдан бошпана топмоқчи бўлиб, Байтлаҳмни тарк этди. У йўл юриб, Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолди.

[9] — Қаерликсан, ўғлим? — деб сўради ундан Михо. — Мен Яҳудодаги Байтлаҳмдан келган левиман, — деб жавоб берди у. — Ўзимга бошпана қидириб юрибман.

[10] — Кел, меникида тура қол, — деди Михо. — Менинг маслаҳатчим ҳамда руҳонийим бўл. Мен эса ҳар йили сенга ўн бўлакдан кумуш тўлаб, кийим–кечагинг билан егулигингни бераман.

[11] Леви Михоникида туришга рози бўлди. Михо уни руҳоний қилиб тайинлади. Леви Михоникида яшаб юрди ва Михога худди ўғлидай бўлиб қолди.

[13] Шунда Михо деди: “Мана энди Эгам менга барака беришини биламан, чунки левининг ўзи менга руҳоний бўлиб хизмат қиляпти.”

Ҳакамлар китоби — Chapters