[1] Бир куни Шимшўн Тимнах деган шаҳарга борди. Тимнахда у бир Филист қизни кўриб қолди.
[2] Уйига қайтиб келгач, ота–онасига шундай деди: — Мен Тимнахда бир Филист қизни кўрдим. Уни менга олиб беринглар.
[3] — Ўз халқимиз орасида қиз қуриб қолибдими?! Энди бориб суннатсиз Филистлардан қиз олишимиз қолганди, — деб жавоб берди улар. Аммо Шимшўн отасига: — Менга ўша қизни олиб беринг, мен уни ёқтириб қолдим, — деб туриб олди.
[4] Бу Эгамизнинг хоҳиши эди, аммо Шимшўннинг ота–онаси бундан бехабар эдилар. Эгамиз Филистларга қарши жанг қилиш учун биронта баҳона қидираётган эди. Ўша замонда Филистлар Исроилда ҳукмронлик қилардилар.
[5] Шимшўн ота–онаси билан Тимнахга йўл олди. Улар Тимнах узумзорларига яқинлашганларида, бирдан Шимшўн олдидан бир шер чиқиб қолиб, ўкирганича унга ташланмоқчи бўлди.
[6] Ўша заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, кучини оширди. Шимшўн шерни, худди улоқчани парчалагандай, қўллари билан осонгина иккига бўлиб ташлади. Аммо бўлиб ўтган воқеа ҳақида ота–онасига оғиз ҳам очмади.
[7] Сўнг Шимшўн қизнинг олдига бориб, у билан гаплашди, қиз Шимшўнга ниҳоятда хуш келди.
[8] Кўп ўтмай Шимшўн қизга уйланмоқчи бўлиб, Тимнахга қайтиб борди. Йўл–йўлакай шернинг ўлигини кўриб кетай деб, ўша томон йўл солди. Қараса, шернинг мурдасида асаларининг уяси билан асал бор экан.
[9] У бир ҳовуч асал олиб, йўл–йўлакай еб кетди. Ота–онасининг олдига келганда, уларга ҳам еб кўргани берди, лекин асални шернинг мурдасидан олганини айтмади.
[10] Шимшўннинг отаси келинини кўрмоқчи бўлиб, қудасининг уйига кирди. Шимшўн ўша ерда тўй муносабати билан катта бир зиёфат берди. Ўша вақтдаги урф–одатлар бўйича, куёвлар катта зиёфатлар беришарди.
[11] Шимшўн зиёфат бериш учун Тимнахга борганда, Филистлар унинг олдига куёв навкар қилиб, ўттизта йигитни юбордилар.
[12] Шимшўн уларга: — Келинглар, сизларга бир топишмоқ айтайин, — деди. — Агар уни топиб, зиёфатнинг етти куни ичида менга тушунтириб берсангизлар, ҳар бирингизга биттадан кимхоб тўн ва бир сидрадан кийим–бош бераман.
[13] Борди–ю, топишмоғимни тополмасангизлар, сизлар менга ўттизта кимхоб тўн билан ўттиз сидра кийим–бош берасизлар. Шунда улар: — Қани, топишмоғингни айт, уни эшитайлик–чи, — дейишди.
[14] Шимшўн топишмоғини айтди: “Хўранданинг ичидан хўрак чиқди, Кучлининг ичидан ширинлик чиқди.” Орадан уч кун ўтди, аммо Филист йигитлари топишмоқни тополмадилар.
[15] Охири, еттинчи куни Шимшўннинг қайлиғига дўқ қилиб: “Сизлар бизни шилмоқчи бўлиб бу ерга таклиф қилганмидингизлар?! — дедилар. — Бўл, эрингни алдаб–сулдаб топишмоқнинг маъносини бизга билиб бер, бўлмаса сени ҳам, отангнинг хонадонини ҳам ёндириб юборамиз.”
[16] Шунда келинчак Шимшўннинг олдига бориб роса йиғлади. — Сен мени ёмон кўрар экансан! — дея хархаша қилди у. — Мени заррача бўлса ҳам яхши кўрганингда эди, топишмоқнинг жавобини аллақачон айтган бўлар эдинг. — Менга қара, — деди унга Шимшўн. — Буни ота–онамга ҳам айтмаган бўлсам, нега сенга айтар эканман?!
[17] Зиёфат етти кун давом этган бўлса, ўша етти кун давомида келин унга хиралик қилиб йиғлайверди. Еттинчи куни Шимшўннинг юрагини шу қадар эзиб юбордики, у тоқат қила олмай топишмоқнинг жавобини айтиб берди. Қиз жавобни дарҳол Филист йигитларига етказди.
[18] Ўша куни қош қораймасдан олдин йигитлар Шимшўннинг олдига келиб, топишмоқнинг жавобини айтдилар: “Асалдан ширин нима бор?! Шердан кучли нима бор?!” Шимшўн: “Агар ғунажинимни ишга солмаганларингда, топишмоғимни тополмас эдиларинг”, — деди.
[19] Сўнг Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, унинг кучини янада оширди. Шимшўн Ашқалон шаҳрига кетди. У ерда ўттиз нафар Ашқалонлик одамни ўлдириб, кийим–бошларини ечиб олди. Ўша кийим–бошларни топишмоқнинг жавобини айтганларга берди–ю, жаҳл устида отасининг уйига қайтиб кетди.
[20] Келиннинг отаси эса қизини Шимшўннинг куёв жўрасига узатиб юборди.