Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:40

[1] Орадан вақт ўтди. Буғдой ўрими пайтида, Шимшўн бир улоқча олиб, хотинининг олдига борди. У қайнатасига: — Мен хотинимнинг олдига кирмоқчиман, — деди. Қайнатаси эса Шимшўнни ичкарига киргизмади.

[2] — Сен қизимни ташлаб кетдинг, деб ўйлагандим, — деди у. — Шунинг учун уни куёв жўрангга узатиб юбордим. Қара, кенжа қизим ундан ҳам чиройлироқ. Кел, унинг ўрнига синглисини ола қол.

[3] — Бу сафар Филистларга ёмонлик қилсам, айбга буюрмайсиз, — деб чиқиб кетди Шимшўн.

[4] Шимшўн уч юзта тулки ушлаб келди. Тулкиларни жуфт–жуфт қилиб, думларини бир–бирига боғлади–да, орасига биттадан машъала қистирди.

[5] Сўнг машъалаларни ёқиб, тулкиларни Филистларнинг буғдойзорларига қўйиб юборди. Буғдойзор ва дон ғарамларини аланга олди–ю, Филистларнинг узумзорлари ва зайтун боғларини ямлади.

[6] Филистлар: “Буни ким қилди?” деб суриштира бошладилар. “Буни Тимнахлик бир одамнинг куёви, Шимшўн қилди, — деди бир киши. — У ўша Тимнахликнинг қизига уйланган экан, қайнатаси эса қизини куёвнинг жўрасига узатиб юборибди.” Шунда Филистлар келиб, ўша жувон билан отасининг хонадонини ёқиб юборишди.

[7] Шимшўн бундан хабардор бўлгач, Филистларнинг олдига бориб: “Онт ичиб айтаманки, шу қилмишларингиз учун сизлардан ўч олмагунимча қўймайман!” — деди.

[8] Шимшўн уларни шафқатсизларча қириб ташлади. Кейин эса у ерларни тарк этиб, Этом қоясидаги бир ғорга бориб яшади.

[9] Кўп ўтмай Филистлар Яҳудода қароргоҳ қуриб, Лехи шаҳрини босиб олишди.

[10] Яҳудо одамлари: “Нима учун бизга ҳужум қилдингизлар?” деб сўрадилар. Улар эса: “Биз Шимшўнни қўлга олмоқчимиз. Бизга қилган ёмонлигини қайтариб ўз бошига солмоқчимиз”, деб жавоб беришди.

[11] Яҳудо қабиласидан уч мингта одам Этом қоясига бориб Шимшўнга: — Филистлар бизга ҳукмронлик қилишларини билмайсанми? — дедилар. — Сен бошимизга битган бало бўлдинг–ку! Шимшўн жавоб бериб деди: — Мен қилмишларига яраша жазосини бердим, холос.

[12] — Биз сени олиб кетгани келдик, — деди Яҳудо одамлари. — Сени боғлаб Филистларга бермоқчимиз. — Хўп, майли, — деди Шимшўн. — Аммо сизлар мени ўлдирмасликка сўз беринглар.

[13] — Биз сени ўлдирмаймиз, — деб сўз берди улар. — Биз сени боғлаб, уларга топширсак бўлди. Яҳудо одамлари Шимшўнни иккита янги арқон билан боғлаб, шаҳарга олиб келдилар.

[14] Шимшўн Лехига келганда, Филистлар уни қий–чув билан қаршилаб олишди. Шу заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, янада кучини оширди. Шимшўн қўлларидаги арқонларни куйган зиғир толаларини узаётгандай осонликча узиб ташлади.

[15] Сўнг атрофига бир назар солиб, эшакнинг жағ суягини кўриб қолди. Жағ суяги офтобда қуриб кетмагани учун қаттиқ ва оғир эди. Шимшўн суякни олиб, Филистларни савалай бошлади. Ўша куни у минг нафар одамни ўлдирди.

[16] Шунда Шимшўн деди: “Эшакнинг жағ суяги билан мингта одамни ўлдирдим. Эшакнинг жағ суяги билан уларни уюм–уюм қилдим.”

[17] У гапини тугатиб бўлгач, суякни улоқтириб юборди–да, ўша жойни Рамат–Лехи деб атади.

[18] Шимшўн роса чанқаб кетди, сўнг Эгамизга илтижо қилиб деди: “Сен қулингга шундай буюк бир ғалабани бердинг. Ҳозир эса мен ташналикдан адо бўлиб, суннатсизларнинг қўлига тушаманми?!”

[19] Худо Лехида ер остидаги бўшлиқни ёриб, у ердан сув чиқарди. Шимшўн сув ичиб ўзига келди. Шунинг учун булоқ Эн–Хаққор деб аталди, у бугунга қадар Лехидадир.

[20] Филистлар ҳукмронлиги даврида Шимшўн Исроил халқига йигирма йил ҳакамлик қилди.

Ҳакамлар китоби — Chapters