[1] Мен бундай демоқчиман: меросхўр ҳали ёш бола экан, гарчи у бутун мулкнинг эгаси бўлса ҳам, қулдан ҳеч фарқ қилмайди.
[2] У отаси белгилаган фурсатгача васийга ва уй–рўзғорни бошқарувчи хизматкорга бўйсунади.
[3] Худди шу сингари, бизлар ҳам олдин болалардай бўлиб, хурофот кучларига қул эдик.
[4] Муддат битгандан кейин, Худо Ўз Ўғлини юборди. Унинг Ўғли қонун остидаги ҳаёт учун аёлдан туғилди.
[5] Худонинг Ўз Ўғлини юборишдан мақсади бизни қонун остидаги ҳаётдан халос этиб, Ўзига фарзанд қилиб олиш эди.
[6] Биз Худонинг фарзандлари эканлигимизни кўрсатиш учун У юрагимизга Ўз Ўғлининг Руҳини юборди. Бу Руҳ орқали биз Худони “Отажон” деб чақирамиз.
[7] Демак, энди сиз қул эмас, балки фарзандсиз. Фарзанд экансиз, Худонинг шарофати билан У Ўз фарзандларига атаган қут–баракаларга эга бўласиз.
[8] Олдин сизлар Худони билмаган пайтингизда, асли худолар бўлмаган кучларга қул эдингиз.
[9] Энди эса Худони биласизлар, тўғрироғи, Худо сизларни билади. Шундай экан, қандай қилиб яна ўша кучсиз, қадрсиз хурофотларга қайтяпсиз?! Қандай қилиб яна ўшаларга қул бўлишни хоҳлаяпсиз?!
[10] Сизлар белгиланган алоҳида кунлар, ойлар, йилларга риоя қилиб, диний маросимлар ўтказяпсиз!
[11] Сизлар учун қайғуряпман! Наҳотки сизларни деб чеккан заҳматларим бекор кетган бўлса?!
[12] Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, менга ўхшаган бўлинглар, чунки мен ҳам сизларга ўхшаб қонун остидаги ҳаётдан озодман. Сизлар менга ҳеч ҳам озор бермагансиз.
[13] Ўзингиз биласиз, мен сизларга биринчи марта Хушхабар айтганимда, жисман ожиз эдим.
[14] Ожизлигим туфайли сизларга оғирлигим тушган бўлса ҳам, мендан нафратланмадингиз, мени рад этмадингиз. Аксинча, мени Худонинг фариштасидай, худди Исо Масиҳнинг Ўзини қабул қилгандай қабул қилдингиз.
[15] Қани энди ўша хайрихоҳлигингиз?! Ахир, ўзим шоҳидман: агар иложи бўлганда, ҳатто кўзларингизни ҳам суғуриб олиб, менга берган бўлардингиз!
[16] Наҳотки энди сизларга ҳақиқатни айтганим учун душманингиз бўлиб қолган бўлсам?!
[17] Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар. Лекин улар сизларнинг фойдангизни кўзламаяптилар. Сизлар уларнинг атрофида гирдикапалак бўлишингиз учун улар бизни бир–биримиздан ажратиб ташламоқчи.
[18] Яхши ғояга бағишланиш яхшидир. Лекин бу фақат мен сизларнинг олдингиздалигимда эмас, балки доим шундай бўлиши керак.
[19] Болаларим, мен сизларни янгидан туғаётгандай, тўлғоқ азобидаман. Мақсадим шуки, сизларда Масиҳнинг табиати намоён бўлсин.
[20] Сизлар мени таажжубга солиб қўйдингиз! Қани, энди сизларнинг олдингизда бўлсам–у, бошқа оҳангда гапира олсам!
[21] Эй сизлар, қонун остидаги ҳаётни афзал кўрганлар, менга айтинглар–чи, наҳот сизлар Тавротдаги қонунларни тушунмасангизлар?!
[22] Ахир, унда ёзилганлардан биламизки, Иброҳимнинг икки ўғли бўлган. Ўғилларининг бири чўридан, иккинчиси эса озод аёлдан туғилган.
[23] Чўрисиники инсон ташаббуси билан, озод хотининики эса Худонинг ваъдасига биноан туғилган эди.
[24] Бунда рамзий маъно бор. Икки она Худонинг икки аҳдини билдиради: биринчиси — қулларни туғадиган Ҳожар биби Синай тоғида қилинган аҳднинг рамзидир.
[25] Ҳожар Арабистондаги Синай тоғини билдирса–да, у яҳудий динининг маркази бўлмиш ҳозирги Қуддуснинг рамзидир. Ахир, Қуддус ва унинг болалари қулликдалар–ку.
[26] Самовий Қуддус эса озоддир: у бизларнинг онамиздир!
[27] Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Эй бола кўрмаган бепушт аёл! Шод бўлгин! Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл! Хитоб қил, ҳайқиргин! Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади!”
[28] Сизлар эса, эй биродарлар, Исҳоққа ўхшаб ваъдага биноан туғилган фарзандларсиз.
[29] Ўша замонда табиий йўл билан туғилган ўғил Руҳнинг кучи билан туғилган ўғилни қувғин қилди. Ҳозир ҳам худди шундай.
[30] Аммо бу ҳақда Муқаддас битикларда нима дейилган? “Чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юборинг, чунки чўрининг ўғли озод аёлнинг ўғли билан бирга меросхўр бўлмайди”, — деб ёзилган–ку!
[31] Шундай қилиб, эй биродарлар, биз чўрининг эмас, балки озод аёлнинг фарзандларимиз.