Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:52

[1] Эй бефаҳм Галатияликлар! Ким сизларни сеҳрлаб қўйди? Ахир, Исо Масиҳнинг хочга михлангани кўз ўнгингизда аниқ тасвир этилмаганмиди?!

[2] Сизлардан фақатгина бир нарсани сўраб билмоқчиман! Хўш, сизлар Руҳни қандай қилиб олдингизлар: қонунга амал қилиш орқалими ёки эшитганларингизга ишониш орқалими?

[3] Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз?

[4] Татиб кўрганларингизнинг ҳаммаси беҳуда кетдими? Наҳотки ростдан ҳам беҳуда кетган бўлса?!

[5] Худо сизларга Ўз Руҳини ато этиб, орангизда мўъжизалар яратмоқда. Нима деб ўйлайсиз: У буни қонунга амал қилганингиз учун қиляптими ёки эшитганларингизга ишонганингиз учунми?!

[6] Муқаддас битикларда Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ деб билди.”

[7] Шундан билингларки, ким имонли бўлса, ўша инсон Иброҳимнинг авлоди деб ҳисобланади.

[8] Худо даставвал Иброҳимга: “Барча халқлар сен орқали барака топадилар”, деб Хушхабар келтирган. Муқаддас битиклардаги бу сўзлар шуни кўрсатадики, Худо ғайрияҳудийларни имон орқали оқлайди.

[9] Шунинг учун ким имонли бўлса, Худога ишонган Иброҳим қатори Худонинг баракасидан баҳраманд бўлади.

[10] Қонунга амал қилиш орқали Худони мамнун қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси лаънат остидадир. Ахир, Муқаддас битикларда: “Қонун китобидаги амрларнинг ҳаммасини тўлиқ бажармаганлар лаънат остидадир!” деб ёзилган–ку!

[11] Шундай экан, кўриниб турибдики, қонунга амал қилиш билан ҳеч ким ўзини Худо олдида оқлай олмайди, зотан, солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади.

[12] Қонунни бажариш имонга асосланмаган, қонунда фақатгина амрларнинг ҳаммасини бажарганларга ҳаёт ваъда қилинган.

[13] Масиҳ эса бизни қонун лаънатидан халос қилди. У хочга михланганда бизнинг ўрнимизга лаънатланди. Ахир, Муқаддас битикларда: “Ёғочга қоқилган ҳар бир киши лаънатидир”, деб ёзилган–ку!

[14] Шу йўсин ғайрияҳудийлар ҳам Исо Масиҳ орқали Худонинг Иброҳимга ваъда қилган баракаларидан баҳраманд бўладилар, биз ҳам имон орқали Худо ваъда қилган Руҳни оламиз.

[15] Биродарлар! Ҳаётдан бир мисол келтирай: одамнинг васияти тасдиқлангандан кейин уни ҳеч ким бекор қилолмайди ва унга ҳеч нарса қўшолмайди.

[16] Энди эса Худонинг Иброҳимга ва унинг зурриётига берган ваъдаларига қарайлик. Муқаддас битикларда Иброҳимга: “Сенинг зурриётларингга”, деб айтилмаган, аксинча, “Сенинг зурриётингга”, деб айтилган. Бундан кўриниб турибдики, ваъдада кўпчилик эмас, балки бир Киши, яъни Масиҳ назарда тутилган.

[17] Шуни айтмоқчиманки, Худо Иброҳим билан аҳд тузгандан сўнг 430 йил ўтгач, қонун берилди. Аммо тасдиқланган аҳдни қонун кучдан қолдирмади, демак, Худонинг ваъдасини бекор қилмади.

[18] Агар Худонинг инъоми инсонларнинг қонунга амал қилишига кўра, бериладиган бўлса, демак, ваъдага кўра, берилмайди. Иброҳимга эса Худо Ўз инъомини ваъда бўйича берди.

[19] Ундай ҳолда қонун нима учун берилган? Қонун гуноҳкорлигимизни кўрсатиш учун берилган. Иброҳимнинг ваъда қилинган Зурриёти келмагунча, бу қонун жорий бўлиши керак эди. Қонун фаришталар томонидан, бир воситачи орқали халққа берилди.

[20] Ваҳоланки, одам бир ўзи иш қилганда, воситачи керак бўлмайди. Танҳо бўлган Худо эса ваъда берганда ҳеч бир воситачисиз беради.

[21] Хўш, қонун Худонинг ваъдаларига зидми? Асло! Агар абадий ҳаёт ато қилишга қодир бир қонун берилган бўлса эди, унда шубҳасиз қонунга амал қилиш билан оқланса бўлар эди.

[22] Аммо Муқаддас битикларга кўра, бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир. Шунинг учун ваъда фақат Исо Масиҳга ишониш орқали рўёбга чиқади ва имонлиларга насиб бўлади.

[23] Имон йўли аён бўлишидан аввал, биз қонун назорати остидаги тутқунлар эдик. Ўша имон аён бўлишини кутаётган эдик.

[24] Бошқача айтганда, қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз эди. Энди эса биз Масиҳга бўлган имон орқали оқланамиз.

[25] Имон йўли аён бўлган экан, биз энди мураббийнинг тарбиясида эмасмиз.

[26] Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар.

[27] Сизлар сувда чўмдирилиб, Масиҳ билан бирлашдингиз. Ҳар бирингиз Масиҳга бурканиб олдингиз.

[28] Энди на яҳудий, на юнон бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаммангиз бирсизлар.

[29] Сизлар Масиҳники экансизлар, демак Иброҳимнинг ҳам зурриётисизлар, берилган ваъданинг баракаларидан баҳраманд бўласизлар.

Павлуснинг Галатияликларга мактуби — Chapters