[1] Эй хўжайинлар, сизнинг ҳам самода Хўжайинингиз борлигини билиб, қулларингизга одил ва тўғри муомала қилинг.
[2] Доим ибодат қилинг. Ибодатда ҳушёр бўлиб, шукроналар келтиринг.
[3] Шунингдек, бизлар учун ҳам ибодат қилинглар: биз Худонинг каломини эълон қилишимиз ва Масиҳ сирини баён этишимиз учун Унинг Ўзи бизга йўл очиб берсин. Мен ана шу сир туфайли қамоқдаман.
[4] Бу сирни муносиб равишда изҳор эта олишимни Худодан сўранглар.
[5] Фурсатни ғанимат билиб, имонлилар қаторига қўшилмаганларга нисбатан оқилона йўл тутинглар.
[6] Улар билан қандай гаплашишни сизларга ўргатай: улар билан гаплашганингизда сўзингиз ҳамиша ёқимли ва мазмунли бўлсин.
[7] Мен ҳақимдаги барча янгиликларни Раббимиз Исонинг содиқ хизматкори, ҳамкорим ва суюкли биродарим Тихикус сизларга айтиб беради.
[8] Сизларга далда бериб, ҳол–аҳволимизни сизларга билдирсин деб, мен уни сизларнинг олдингизга жўнатяпман.
[9] Тихикус билан бирга олдингизга содиқ ва севимли биродаримиз, ҳамшаҳарингиз Ўнисимус ҳам боради. Улар бу ерда бўлиб ўтган ҳамма нарсани сизларга айтиб беришади.
[10] Мен билан бирга қамалган Аристархус ва Барнабонинг жияни Марк ҳам сизларга салом йўллаяптилар. Марк ҳақида йўл–йўриқ олгансизлар: агар олдингизга борса, уни яхши қабул қилинглар.
[11] Ёшуа, яъни Юстус ҳам сизларга салом йўллаяпти. Худонинг Шоҳлиги йўлида меҳнат қилаётган булардан бошқа яҳудий ҳамкорларим йўқ. Улар менга тасалли бўлиб келмоқдалар.
[12] Исо Масиҳнинг қули, ҳамшаҳарингиз Эпафрас сизларга салом йўллаяпти. Худонинг иродасини тўлиқ бажарадиган, имони комил инсонлар бўлинглар деб, Эпафрас зўр ғайрат билан, тинмай сизлар учун ибодат қилмоқда.
[13] У сизлар учун ҳамда Лаодикия ва Ҳейраполис шаҳарларидаги имонлилар учун не–не заҳматлар чекканига ўзим шоҳидман.
[14] Севимли табиб Луқо ва Димас сизларга салом йўллашяпти.
[15] Лаодикия шаҳридаги биродарларга, айниқса, Нимфага ва унинг уйида йиғиладиган жамоатга салом айтинглар.
[16] Сизларга ёзган бу мактубимни ўқиганингиздан кейин, уни Лаодикиядаги жамоат ҳам ўқисин. Сизлар эса Лаодикия жамоатига ёзган мактубимни ўқинглар.
[17] Архиппусга: “Раббимиз Исо зиммангга юклаган хизматни охирига етказгин”, — деб айтиб қўйинглар.
[18] Мен, Павлус, мана шу мактубнинг якунини ўз қўлим билан ёзяпман. Қамоқда эканлигимни эсдан чиқарманглар. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.