[1] Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг Салоника шаҳридаги имонлилар жамоатига Павлус, Силас ва Тимўтийдан салом! Худонинг инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.
[2] Биз доим сизлар учун ибодат қилиб, ҳаммангиз учун Худога шукурлар айтамиз.
[3] Имон ва севги билан қилган ишларингиз учун, Раббимиз Исо Масиҳга боғлаган собит умидингиз учун доимо Отамиз Худога миннатдорчилигимизни билдирамиз.
[4] Эй Худо севган биродарларимиз, Худо сизларни танлаб олганини биламиз.
[5] Ахир, биз Хушхабарни сизларга қуруқ сўзлар билан эмас, балки тўлиқ ишонч ва Муқаддас Руҳнинг қудрати билан келтирдик. Орангизда бўлганимизда, сизларнинг манфаатингизни кўзлаб, қандай яшаганимизни биласиз.
[6] Сизлар биздан ва Раббимиз Исодан ўрнак олдингиз. Ахир, кўп азоб–уқубат чекканингизга қарамай, Муқаддас Руҳ берадиган қувонч билан Худонинг сўзини қабул қилдингиз.
[7] Шундай қилиб, Македония ва Ахая вилоятларидаги барча имонлиларга ўрнак бўлдингиз.
[8] Раббимизнинг каломи сизлардан фақатгина Македония ва Ахаяга ёйилиб қолмади, балки сизларнинг Худога бўлган имонингиз ҳамма жойда маълум бўлди. Шунинг учун энди бизнинг бирор нарса гапиришимизга ҳожат қолмади.
[9] Бизни яхши қабул қилганингиз ҳақида, барҳаёт ва ҳақиқий Худога хизмат қилайлик, дея бутлардан юз ўгириб, Худога юз бурганингиз ҳақида ҳамма гапиряпти.
[10] Худонинг Ўғли Исонинг самодан тушишини кутаётганингиз ҳақида ҳам гапиряптилар. Худо Ўз Ўғли Исони тирилтирган, Исо бизни келажакда Худонинг ғазабидан қутқаради.