[1] Сизлар Масиҳ билан бирга тирилган экансиз, самовий нарсаларнинг пайида бўлинг, ахир, Масиҳ ҳам самода Худонинг ўнг томонида ўтирибди.
[2] Фикрингиз ер юзидаги эмас, самодаги нарсалар билан банд бўлсин.
[3] Ахир, сизлар ўлгансизлар, асл ҳаётингиз эса Масиҳ билан Худонинг ҳузурида пинҳондир.
[4] Бизнинг ҳаётимиз Исо Масиҳдир. Масиҳ зоҳир бўлганда, сизлар ҳам У билан бирга улуғворликда зоҳир бўласизлар.
[5] Шундай экан, дунёвий табиатингизни, яъни фаҳш–зино, нопоклик, шаҳват, ёвуз хоҳишлар ва бутпарастликка тенг бўлган очкўзликни йўқ қилинглар.
[6] Мана шулар сабабли Худонинг ғазаби итоатсиз бандаларнинг бошига тушади!
[7] Сизлар ҳам бир вақтлар шундай одамларнинг йўлидан юриб, ўзингизни ўшалар каби тутардингизлар.
[8] Энди эса жаҳл, ғазаб, ёвузликларнинг ҳаммасини бир четга йиғиштириб қўйинглар. Оғзингиздан ҳеч қандай жеркиш ёки ножўя сўз чиқмасин.
[9] Бир–бирингизга ёлғон гапирманглар. Чунки сизлар эски табиатингизни, унинг ёмон одатлари билан бирга ўзингиздан соқит қилдингизлар.
[10] Бунинг ўрнига сиз янги табиатга буркандингиз. Сизлар Худони яқинроқ билиб бораркансиз, сизнинг янги табиатингиз уни яратган Худонинг суратига ўхшаб бормоқда.
[11] Шу нуқтаи назардан энди на юнон бор, на яҳудий, на суннатли бор, на суннатсиз, на жоҳил бор, на маданиятсиз, на қул бор, на озод. Энг аҳамиятлиси Масиҳдир, У ҳамма биландир, ҳамма нарса Унинг қўли остидадир.
[12] Сизлар Худонинг танланган, азиз ва суюкли халқисизлар. Шунга кўра, раҳм–шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр–тоқатни зеб–зийнат қилиб тақиб олинглар.
[13] Бир–бирингизга нисбатан сабр–тоқатли бўлинглар. Орангизда хафагарчилик ўтган бўлса, бир–бирингизни кечиринглар. Эгамиз сизларни кечиргани каби, сизлар ҳам бошқаларни кечиринглар.
[14] Ва ниҳоят муҳаббатга бурканинглар, чунки меҳр–муҳаббат мукаммал аҳилликка етиштиради.
[15] Масиҳ ато қиладиган тинчлик юракларингизда ҳукмрон бўлсин, ахир, сизлар бир тананинг аъзосисизлар, тинчликка даъват қилингансизлар. Миннатдор бўлинглар.
[16] Масиҳнинг каломи сизда чуқур ўрнашиб, яшнайверсин. Донолик билан бир–бирингизга таълим беринг, насиҳат қилинг. Забурларни хониш қилиб, мадҳиялар ва руҳий қўшиқлар билан, чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириб, Худони тараннум этинглар.
[17] Нимаики қилсангиз ҳам, гапирсангиз ҳам, ҳаммасини Раббимиз Исо номидан қилиб, У орқали Отамиз Худога шукрона айтинглар.
[18] Эй хотинлар, эрингизга итоатли бўлинглар. Шундай қилиш Раббимиз Исонинг издошларига муносибдир.
[19] Эй эрлар, хотинингизни севинглар, уларга қўпол муомалада бўлманглар.
[20] Эй фарзандлар, доим ота–онангизга қулоқ солинглар, чунки бу Раббимизга маъқул келади.
[21] Эй оталар, фарзандларингизни ранжитаверманглар, бўлмаса улар тушкунликка тушиб қолади.
[22] Эй қуллар, бу дунёдаги хўжайинларингизга ҳар доим итоат қилинглар. Хушомадгўйлик билан хўжа кўрсинга эмас, балки Раббимиздан қўрқиб, чин кўнгилдан итоат қилинглар.
[23] Ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббимиз Исо Масиҳ учун қилаётгандай чин қалбдан бажаринглар.
[24] Чунки сизлар ҳақиқий Хўжайинингиз Масиҳга хизмат қиляпсизлар. У Ўз халқига атаб қўйган қут–баракани сизларга мукофот қилиб беришини ёддан чиқарманг.
[25] Кимки ноҳақлик қилса, қилмишига яраша жазо олади. Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди.