Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:33

[1] Мен сизлар учун, шунингдек, Лаодикия шаҳридагилар ҳамда мени шахсан кўрмаган имонлиларнинг ҳаммаси учун нақадар зўр ғайрат билан меҳнат қилаётганимни билишингизни истайман.

[2] Мақсадим шуки, сизлар дадил бўлинг, муҳаббат ришталари сизларни бирлаштирсин, Худонинг сири — Масиҳ ҳақида чуқур ва бой тушунчага эга бўлинг.

[3] Чунки донолик ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир.

[4] Ҳеч ким сизларни тилёғламалик билан йўлдан оздирмасин деб, мен сизларга шуларни айтяпман.

[5] Гарчи мен жисман сизларнинг орангизда бўлмасам ҳам, хаёлан сиз билан биргаман. Сизларнинг тартиб–интизомингиз ва Масиҳга бўлган соғлом имонингизни кўриб севиняпман.

[6] Сизлар Исо Масиҳни Раббимиз деб қабул қилган экансизлар, доимо У кўрсатган йўлдан юраверинг.

[7] Олган таълимотингизга мувофиқ, Масиҳда томир ёйиб, қарор топинг. Имонингизда қаттиқ туринг, Худога шукроналар тилингиздан тушмасин.

[8] Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан сизларни аврамасин. Бундай гаплар Масиҳга эмас, балки инсонларнинг анъанасига, дунёнинг хурофий кучларига асосланади.

[9] Худо Ўзининг бутун борлиғи билан тўла–тўкис Масиҳнинг вужудида мавжуддир.

[10] Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаётингиз тўла–тўкис, чунки У ҳар қандай куч ва ҳокимиятдан устундир.

[11] Масиҳ орқали сизлар суннат қилиндингиз, бу жисмоний суннат эмас, балки Масиҳ орқали қилинадиган суннат, яъни гуноҳкор табиатнинг кесиб ташланишидир.

[12] Сувга чўмдирилиш орқали Масиҳ билан бирга кўмилдингиз. Масиҳни ўликдан тирилтирган Худонинг қудратига бўлган имонингиз туфайли Масиҳ билан бирга тирилдингиз.

[13] Илгари сизлар суннатсиз, гуноҳга ботган бўлиб, руҳан ўлик эдингизлар. Энди эса Худо барча гуноҳларингизни кечириб, сизларни Масиҳ билан бирга тирилтирди.

[14] Бизга қарши ёзилган айблов ҳукмини Худо бекор қилди, яъни ўша ҳукмни хочга михлаб, кучдан қолдирди.

[15] Ўша хоч орқали коинотдаги кучлару ҳукмронликлар устидан ғалаба қозониб, уларни қуролсизлантирди. Ўзининг ғолибона юришида уларнинг тутқун эканлигини намойиш этиб, шарманда қилди.

[16] Шунинг учун егулик–ичгулик, диний байрамлар, янги ой шодиёналари ёки Шаббат куни хусусида ҳеч ким сизларга қонун–қоида чиқармасин.

[17] Ўша урф–одатлар келажакнинг шарпасигина, холос, аммо ҳақиқий ҳаёт Масиҳдадир.

[18] Шундай экан, диндорликка берилиб, ўзини мўминликка соладиганлар, фаришталарга сиғинадиганлар сизларни камситса, эътибор берманглар. Улар кўрган ваҳийлари билан мақтанадиган, ақл–заковати билан мағрурланадиган одамлардир.

[19] Бундай кишилар Масиҳдан ажралган. Масиҳ — Ўз танаси, яъни жамоатнинг Бошидир. Мана шу Бошдан бутун бадан ҳаётбахш куч олиб, паю бўғинлар орқали ўзаро уланиб, Худонинг хоҳиши бўйича ўсади.

[20] Агар сизлар Масиҳ билан бирга ўлган бўлсангизлар, дунёнинг хурофий кучлари учун ҳам ўлган бўласизлар. Ундай бўлса яна нимага бу дунёга қул бўлиб,

[21] “тегма”, “ема”, “ушлама” деган қонун–қоидаларга бўйсунасизлар?!

[22] Бу инсоний таълимотлар ва қоидалар ишлатилган сари йўқ бўлиб кетадиган нарсалар ҳақида–ку!

[23] Гарчи бу қоидалар келтириб чиқарган диндорлик, ўзини мўмин қилиб кўрсатиш, баданни қийнаш одамларга ҳикматдай туюлса–да, аслида улар шаҳвату нафсга бўлган иштиёқни кўпайтиради.

Павлуснинг Колосаликларга мактуби — Chapters