Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:21

[1] Эгамиз Раббий менга шундай ваҳий кўрсатди: деҳқонлар шоҳ саройи учун буғдой ўриб олганларидан кейин, иккинчи экинлар униб чиқа бошлабди. Шу пайтда Эгамиз гала–гала чигирткаларни пайдо қилди.

[2] Чигирткалар ер юзида кўкариб турган ҳамма нарсани еб битиришибди. Шунда мен ёлвордим: “Эй Эгам Раббий, илтижо қиламан, гуноҳимиздан ўтгин! Ёқуб насли бунга бардош бера олармикин?! Ўзи кичкина бир халқ бўлса!”

[3] Шунда Эгамиз шахтидан қайтди: “Бундай қилмайман”, деб менга айтди.

[4] Эгамиз менга яна бир ваҳий кўрсатди: Эгамиз Раббий халқини олов билан жазоламоқчи бўлибди. Олов буюк денгизни ямлабди, кейин юртни ёндира бошлабди.

[5] Шунда мен ёлвордим: “Эй Эгам Раббий, ўтинаман, бас қилгин! Ёқуб насли бунга бардош бера олармикин?! Ўзи кичкина бир халқ бўлса!”

[6] Шунда Эгамиз шахтидан қайтди. Эгамиз Раббий: “Хўп, бундай ҳам қилмайман”, деб менга айтди.

[7] Мен яна бир ваҳий кўрдим: шоқул ёрдамида қурилган деворнинг олдида Раббий турган экан. У деворнинг тўғри ёки қийшиқлигини шоқул билан текшираётган эди.

[8] Эгамиз мендан: — Нимани кўряпсан, Амос? — деб сўради. — Шоқулни, — деб жавоб бердим мен. Сўнг Раббий шундай деди: “Қара, Мен шоқул ёрдамида Халқим Исроилни текшираман. Энди уларга шафқат қилмайман.

[9] Исҳоқ наслининг саждагоҳлари вайрон бўлади, Ҳа, Исроилнинг қадамжолари йўқ қилинади, Мен шоҳ Ёрубом хонадонига қилич билан ҳужум қиламан.”

[10] Байтилдаги руҳоний Эмозиё Исроил шоҳи Ёрубомга хабар юбориб, шундай деди: — Амос Исроил халқи орасида сизга қарши фитна уюштирмоқда. Унинг бу сўзларини халқимиз кўтара олмайди.

[11] Амос шундай деб айтиб юрибди: “Ёрубом қиличдан ҳалок бўлади, Исроил халқи ўз юртидан албатта сургун қилинади.”

[12] Эмозиё Амоснинг ўзига эса шундай деди: — Эй валий, бу ердан чиқиб кет! Яҳудо юртига бор. Нонингни ўша ердан топиб егин. Башоратларингни ҳам ўша ерда айт.

[13] Аммо Байтилда қайта башорат қила кўрма, чунки бу шоҳнинг қутлуқ жойидир, шоҳлигимизнинг саждагоҳидир.

[14] Амос эса Эмозиёга шундай жавоб берди: — Менинг машғулотим пайғамбарлик эмас, пайғамбарларга шогирд ҳам тушмаганман. Мен бир чорвадор эдим, шикамора–анжир дарахтларини ҳам парвариш қилардим.

[15] Бир куни сурувни ҳайдаб кетаётганимда Эгамиз мени чақириб: “Бор, халқим Исроилга башорат қил”, деб айтди.

[16] Эй Эмозиё, энди Эгамизнинг сўзларини эшит! Сен менга: “Исроил ҳақида башорат қилма, Исҳоқ хонадонига қарши гап гапирма”, деб айтяпсан.

[17] Шу сабабдан Эгамиз шундай демоқда: “Сенинг хотининг шаҳарда фоҳишалик қилади, Ўғил–қизларинг қиличдан ҳалок бўлади. Еринг бошқаларга бўлиб берилади. Ўзинг эса ҳаром бир юртда ўласан. Исроил халқи ўз юртидан албатта сургун қилинади.”

Амос пайғамбарнинг китоби — Chapters