[1] Эй Қуддусда роҳат–фароғатда яшаганлар, ҳолингизга вой! Эй Самария тоғида бехатар бўлганлар, ҳолингизга вой! Сизлар ўзларингизни энг сара халқнинг обрўли одамлари деб биласизлар, Бизга бош бўлинглар, деб Исроил халқи сизнинг олдингизга келади.
[2] Калней шаҳрига бориб, унинг аҳволини кўринглар. У ердан буюк Хомат шаҳрига ўтиб, ҳолини билинглар. Филист халқининг Гат шаҳрига ҳам бориб кўринглар. Сизларнинг бу шоҳликлардан афзалроқ жойингиз бормиди?! Ёки ерингиз уларникидан каттароқмиди?!
[3] Кулфат куни келишига сизлар ишонмаяпсизлар, Зўравонлик ҳукмрон бўлишига сабабчи бўляпсизлар!
[4] Сизлар фил суягидан ясалган супаларда чўзилиб ётасизлар, Курсиларда ёнбошлаб ўтирасизлар, Қўзичоқларнинг гўштидан лаззатланасизлар, Семиртирилган бузоқларнинг гўштидан таом ейсизлар,
[5] Ўзларингизча Довуд каби куйлар басталайсиз, Арфанинг янграган наволарига ашулалар айтасиз.
[6] Қадаҳлаб шароб ичасиз, Хушбўй мойнинг энг аълосини баданингизга суртасиз. Халқингиз — Юсуф наслининг кулфати учун эса қайғурмайсиз!
[7] Шундай экан, сизлар биринчи бўлиб сургун қилинасиз, Ёнбошлаб ўтказган зиёфатларингиз тугайди.
[8] Эгамиз Раббий Ўз номини ўртага қўйиб онт ичди, Ҳа, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Мен Ёқуб наслининг такаббурлигидан нафратланаман, Уларнинг қалъаларидан ҳазар қиламан. Самария шаҳрини ва у ердаги ҳамма нарсани Мен душманнинг қўлига бераман.”
[9] Агар бир уйда ўнта одам қолган бўлса, уларнинг ҳаммаси ўлади.
[10] Уларнинг яқин қариндоши ва гўрков марҳумларни дафн қилмоқчи бўлиб келишади. Яқин қариндоши жасадларни олиб чиққанда гўрковдан: “Яна жасадлар борми?” деб сўрайди. Гўрков: “Йўқ”, деб жавоб беради. Кейин эса: “Жим! Эгамизнинг номини тилга олмайлик!” деб айтади.
[11] Ана, Эгамиз амр бермоқда: Кошоналар бузиб ташланади, Кулбалар яксон бўлади.
[12] Отлар қоялар устида чопа олмайди–ку! Денгизни ҳўкизлар билан шудгор қилиб бўлмайди–ку! Қойил–э, сизлар эса адолатни заҳарга айлантирдингиз, Солиҳликнинг ширин мевасини аччиқ қилдингиз.
[13] Сизлар: “Лўдавор шаҳрини Қўлга киритдик”, деб мақтаниб юрибсизлар. “Карнайим шаҳрини Ўз кучимиз билан енгдик”, деб айтяпсизлар.
[14] Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил халқи, қаранглар! Мен сизларга қарши бир халқни қўзғатдим. Улар Лево–Хоматдан то Арабадаги сойликкача сизларни эзадилар.”