Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:25

[1] Эй Исроил халқи, Эгамизнинг сўзларига қулоқ солинг. У Мисрдан олиб чиққан бутун халқингизга шундай деб айтмоқда:

[2] “Ер юзидаги барча халқлар орасидан Ёлғиз сизларни танлаб олган эдим. Шу сабабдан ҳам гуноҳларингизга тоқат қила олмайман, Қилган ҳамма гуноҳларингиз учун сизларни жазолайман.”

[3] Икки киши келишиб олгандан кейингина бирга йўлга тушади.

[4] Шер қурбонини кўзлаб қўйсагина, ўрмонда ўкиради, Йиртқич шер ўлжасини ушласагина, уясида ириллайди.

[5] Тузоққа емиш қўйилсагина, қуш сиртмоққа тушади, Тузоққа ҳеч нарса илинмаса, сиртмоқ тортилмайди.

[6] Хўш, шаҳарда бурғу чалинса, ким саросимага тушмайди?! Эгамизнинг иродасисиз ҳеч бир кулфат шаҳарга келмайди.

[7] Дарҳақиқат, Эгамиз Раббий Ўз сирини пайғамбарларига аён қилади, Сирини ўша хизматкорларига аён қилмай туриб, У ҳеч нарса қилмайди.

[8] Ана, шер ўкирди! Ким қўрқмайди?! Ана, Эгамиз Раббий гапирди! Ким башорат қилмайди?!

[9] Ашдод қалъаларида эълон қилинг, Миср қалъаларида шундай деб жар солинг: “Самария атрофидаги қирларда тўпланинг, У ердаги авжига чиққан ғалаённи бир кўринг, Зўравонликнинг гувоҳи бўлинг.”

[10] Эгамиз шундай демоқда: “Самарияликлар қалъаларини ҳаром бойликка тўлдирдилар, Тўғрилик нималигини улар билмайдилар.”

[11] Шу сабабдан Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Душман Самарияни қуршовга олади, Истеҳкомларини вайрон қилади, Самария қалъалари талон–тарож бўлади.”

[12] Эгамиз шундай демоқда: “Арслоннинг оғзидан қўзичоқни тортиб олмоқчи бўлган чўпон, қўзичоқнинг икки туёғини ёки қулоғининг бир парчасини тортиб олади, холос. Самария аҳолиси ҳам шу аҳволга тушади. У ер–бу ерларда супаю курси парчалари қолади, холос.”

[13] Парвардигори Олам — Эгамиз Раббий демоқда: “Гапимни эшитинг! Ёқуб наслига қарши гувоҳлик беринг!

[14] Мен Исроил халқини қилган гуноҳи учун жазолайман, Ўша куни Байтил қурбонгоҳларини вайрон қиламан. Қурбонгоҳнинг шохлари кесилиб, ерга тушиб ётади.

[15] Мен қишки ва ёзги саройларни бузиб ташлайман, Фил суяги билан безатилган кошоналарни вайрон қиламан, Барча ҳашаматли уйларни йўқ қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.

Амос пайғамбарнинг китоби — Chapters