Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:53

[1] Эгамиз шундай демоқда: “Мўаб халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар Эдом шоҳининг қабрини булғадилар, Суякларини куйдириб оҳак қилдилар.

[2] Шундай экан, Мен Мўаб устига олов ёғдираман, Олов Харийўт қалъаларини куйдириб ташлайди. Шовқин–сурон остида, босқинчиларнинг ҳайқириқларию Бурғу садолари остида Мўаб халқи ҳалок бўлади.

[3] Мен Мўаб ҳукмдорини йўқ қиламан, У билан бирга мулозимларини қириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

[4] Эгамиз шундай демоқда: “Яҳудо халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар қонунларимдан юз ўгирдилар. Қоидаларимни бажармадилар. Ота–боболари сингари, сохта худоларга сиғиниб, Ҳақ йўлдан оздилар.

[5] Шундай экан, Мен Яҳудо юртига олов ёғдираман, Олов Қуддус қалъаларини куйдириб ташлайди.”

[6] Эгамиз шундай демоқда: “Исроил халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар айбсизларни пулга сотяптилар. Камбағалларни бир жуфт чориққа алмаштиряптилар.

[7] Йўқсилнинг бошини тупроққа қориб, оёқ ости қиляптилар, Мазлумни йўлдан четга итариб чиқаряптилар. Ота ва ўғил битта жувон билан ётиб, Мени бадном қиляптилар.

[8] Улар ҳар бир қурбонгоҳ олдида Ўзлари гаровга олган либослар устида ётибдилар. Ўз Худосининг уйида, Жарима эвазига олган шаробни ичяптилар.

[9] Эй Исроил халқи, Мен сизни деб, Амор халқларини йўқ қилган эдим. Уларнинг бўй–басти садр дарахтидай баланд, Эман дарахтидай бақувват бўлган бўлса–да, Мен уларнинг мевасини қовжиратган эдим, Илдизини қуритган эдим.

[10] Амор халқининг юртини сизларга мулк қилиб бераман деб, Сизларни Миср юртидан олиб чиққандим. Қирқ йил саҳрода сизларга йўл кўрсатиб юргандим.

[11] Фарзандларингиздан пайғамбарлар тайинладим, Баъзи йигитларингизни, Менга бағишланинглар, деб чорладим. Шундай эмасми, эй Исроил халқи?! — деб айтмоқда Эгамиз. —

[12] Сизлар эса Менга бағишланганларга шароб ичирдингиз, Пайғамбарларимга: «Башорат қилманглар!» деб буюрдингиз.

[13] Мана энди сизларни шу қадар эзаманки, Сизлар оғир юк остида ғирчиллаган аравадай бўласиз.

[14] Ўшанда чаққонлар ҳам қочиб қутулолмайди, Паҳлавонлар ҳам кучдан қолади, Ҳатто жангчилар ҳам жонини сақлай олмайди.

[15] Камонкаш дош беролмайди, Чопарлар қутқара олмайди ўзини, Отлиқлар сақлай олмайди жонини.

[16] Ўша куни жасурларнинг энг довюраги ҳам Қурол–аслаҳаларини ташлаб қочади.” Эгамизнинг каломи шудир.

Амос пайғамбарнинг китоби — Chapters