[1] Шуни билгинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади.
[2] Ўша пайтда одамлар фақат ўзини ўйлайдиган, пулпараст, мақтанчоқ, такаббур, сўкинадиган, ота–онага итоат қилмайдиган, нонкўр, диёнатсиз,
[3] тош юрак, гиначи, туҳматчи, нафсини тия олмайдиган, ваҳший, яхшиликдан ҳазар қиладиган,
[4] хоин, бебош, босар–тусарини билмайдиган бўладилар. Улар Худони эмас, айш–ишратни яхши кўрадилар.
[5] Ўзларини художўй қилиб кўрсатадилар–у, аммо ҳақиқий имондан юз ўгирадилар. Сен бундай одамлардан узоқлаш.
[6] Улар атрофдагиларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уйларига кириб оладилар. Турли ҳирсу ҳавасларга берилган, гуноҳларидан виждони қийналиб юрган нодон аёлларнинг дилини овлайдилар.
[7] Қачон қарама, бундай аёллар янги таълимотлар пайида бўладилар, ҳақиқатни эса тан олмайдилар.
[8] Яннис ва Ямбрис Мусога қандай қарши турган бўлсалар, бу одамлар ҳам ҳақиқатга худди шундай қарши турадилар. Аммо фикри бузуқ, имони сохта бу одамлар
[9] узоққа бормайдилар. Улар Яннис билан Ямбриснинг ҳолига тушадилар, уларнинг ақлсизлиги ҳаммага маълум бўлади.
[10] Сен эса, Тимўтий, таълимотимга риоя қилдинг, турмуш тарзим, мурод–мақсадим, имоним, сабр–тоқатим, меҳр–муҳаббатим ва саботимдан намуна олдинг.
[11] Хушхабар туфайли чеккан азоб–уқубатларимни ўзинг биласан. Антиохия, Икония ва Листра шаҳарларида қувғин бўлганим ҳақида эшитгансан. Ҳа, мен қаттиқ қувғинларни бошдан кечирдим! Аммо Раббим Исо буларнинг ҳаммасига қарамай, жонимни омон сақлади.
[12] Дарҳақиқат, Исо Масиҳ йўлида тақводор ҳаёт кечирган ҳар бир одам қувғинга учрайди.
[13] Аммо фосиқ ва маккор одамлар тобора разиллашиб бораверади. Улар бошқаларни алдайдилар, ўзлари ҳам алданадилар.
[14] Сен эса, ўзинг олган ва қаттиқ ишонган таълимотингга содиқ қол. Чунки бу таълимотни сенга ўргатган устозларнинг ибратомуз ҳаётини ўзинг кўргансан.
[15] Болалигингданоқ Муқаддас битикларни ўргангансан. Бу битиклар инсонга донолик ато қилади, Исо Масиҳга бўлган ишонч орқали уни нажотга эриштиради.
[16] Муқаддас битикларнинг ҳаммаси илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим ва танбеҳ бериш, хатоларни тузатиш ва солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир.
[17] Битиклардаги ўгитлар бўйича яшаган Худонинг қули ҳар қандай яхши иш қилишга қобил бўлиб, тайёр туради.