[1] Тимўтий ўғлим, бардам бўл. Бунинг учун Исо Масиҳ орқали кўрсатилган Худонинг иноятига таянгин.
[2] Сен кўп шоҳидлар ҳузурида Хушхабар ҳақида таълим берганимни эшитгансан. Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин.
[3] Исо Масиҳнинг яхши бир аскари каби, мен билан бирга азоб чекишга тайёр тургин.
[4] Ҳарбий хизматдаги аскар тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди, чунки қўмондонини мамнун қилишни истайди.
[5] Шунингдек, мусобақада қатнашган киши қоидага риоя қилмаса, ғалаба тожини киймайди.
[6] Меҳнат қилган деҳқон олган ҳосилидан биринчи бўлиб баҳраманд бўлиши лозим.
[7] Айтганларим ҳақида мулоҳаза қил, буларни тушуниб олишингга Раббимиз Исо сенга ёрдам беради.
[8] Довуд наслидан бўлган Исо Масиҳ ўликдан тирилганини доимо ёдингда тут! Мен тарғиб қилаётган Хушхабар шудир!
[9] Ана шу Хушхабар учун мен азобларга дучор бўляпман, ҳатто жиноятчидай занжирбанд қилиндим. Аммо Худонинг каломини занжирлаб бўлмайди!
[10] Шундай экан, Худонинг танлаган одамлари Исо Масиҳ берган нажотдан баҳраманд бўлсинлар, абадий улуғворликка эришсинлар деб, мен ҳамма нарсага чидаб келяпман.
[11] Қуйидаги гап тўғри ва асослидир: “Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан бирга ҳам яшаймиз.
[12] Агар қийинчиликларга чидасак, У билан бирга ҳукмронлик қиламиз. Борди–ю, Уни рад этсак, У ҳам бизни рад этади.
[13] Содиқ бўлмасак ҳам, Масиҳ содиқ бўлиб қолаверади, Ахир, У Ўз табиатига қарши чиқа олмайди.”
[14] Бу гапларни имонлиларга эслатиб тур, уларга Худонинг номидан қатъий буюр: майда–чуйда гаплар юзасидан баҳслашмасинлар. Бундай баҳслар бефойда, тингловчиларга фақат зарар етказади, холос.
[15] Худонинг олдида ёруғ юз билан тура олишинг учун астойдил меҳнат қил. Ўз ишидан уялмайдиган, ҳақиқат каломини тўғри ўргатадиган хизматчи бўлгин.
[16] Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплардан қоч. Бундай гапларга берилган одамлар тобора бетавфиқ бўлиб боради.
[17] Уларнинг бу таълимоти ўлат каби ёйилади. Мана, Хуманаёс билан Филитус ҳам шундай одамлар жумласидан.
[18] Улар тўғри йўлдан озганлар. Биз аллақачон ўликдан тирилдик, деб баъзиларни имонидан қайтаряптилар.
[19] Аммо Худо асос солган пойдевор мустаҳкам турибди. Бу пойдевор устига шундай сўзлар битилган: “Эгамиз Ўзиникиларни билади” ва “Эгамизнинг номини тилга олган ҳар бир одам ёмонликдан узоқлашсин.”
[20] Катта бир уйда нафақат олтин ва кумуш идишлар, балки ёғоч ва сопол идишлар ҳам бор. Олтин ва кумуш идишлар хўжайинга шараф келтиради, қадрсиз идишлар эса унинг обрўйини тўкади.
[21] Ким ўзини мен айтган ёмонликлардан покласа, Эгаси учун шараф келтирадиган идишдай бўлади. Бундай одам Эгасига хизмат қилишга бағишланган, ҳар бир яхши иш қилишга тайёр бўлади.
[22] Ўғлим, ёшлик эҳтиросларидан қоч. Чин юракдан Раббимиз Исога илтижо қилган одамлар билан бирга солиҳлик, имон, меҳр–муҳаббат ва тинчлик пайида бўлгин.
[23] Аҳмоқона, бемаъни баҳслардан узоқлаш. Ўзинг биласан–ку, булар фақат жанжал келтириб чиқаради.
[24] Раббимиз Исонинг қули эса жанжалкаш бўлмаслиги керак. Аксинча, у ҳаммага меҳрибон, таълим беришга қобилиятли, сабр–тоқатли бўлиши лозим.
[25] У ўз рақибларини мулойимлик билан йўлга солсин. Ким билсин, балки Худо уларни тавбага олиб келар?! Шунда улар ҳақиқатни билиб,
[26] ўзларига келарлар, иблиснинг тузоғидан қутулиб қоларлар. Ахир, иблис уларни асир қилиб, ўзига тобе қилиб олган.