[1] Сизларга Худонинг Қуддусдаги азизлари учун бериладиган ёрдам ҳақида ёзишимга ҳеч ҳожат йўқ.
[2] Ахир, биламан–ку, сизлар ёрдам беришга тайёрсизлар, шунинг учун ҳам “Ахая ҳудудидаги имонлилар ўтган йилдан бери тайёр”, деб Македониядаги имонлиларга сизларни мақтаб юрибман. Сизларнинг сахийлик билан бераётган хайр–эҳсонларингиз уларни ҳам сахийликка ундади.
[3] Энди ўша мақтанганларим бекор эмаслигини кўрсатиш учун ҳамда мен айтганимдай тайёр бўлиб туришингиз учун биродарларни сизларнинг олдингизга юборяпман.
[4] Яна Македонияликлардан баъзилари мен билан бирга борса–ю, сизлар тайёр бўлмасангиз, сизларга қаттиқ ишонган биз уятга қоламиз, сизлар эса биздан баттар уялиб қоласиз.
[5] Шу сабабдан ваъда қилган ҳадянгизни олдиндан тайёрлаб қўйинглар деб, ўзим бормасимдан аввал сизларнинг олдингизга биродарларни юборишни лозим кўрдим. Шунда сизларнинг ҳадянгиз норозилик билан эмас, сидқидилдан берилган ҳадя бўлади.
[6] Шуни унутмангки, оз эккан оз ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади.
[7] Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Ахир, Худо мамнуният билан берадиган инсонни яхши кўради.
[8] Худо сизларнинг ҳаётингизни ҳар жиҳатдан иноятга тўлдириб–тоштиришга қодирдир. Шунда ҳар доим, ҳар жиҳатдан, ҳамма эҳтиёжингиз қондирилади ва сизлар янада кўпроқ ҳар хил хайрли ишлар қиласизлар.
[9] Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган: “Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди, Унинг солиҳлиги то абад давом этади.”
[10] Деҳқонга экиш учун уруғ, ҳаммага ейиш учун нон берадиган Худо сизларнинг экадиган уруғингизни мўл қилади, солиҳлигингиздан келадиган ҳосилни ҳам кўпайтиради.
[11] Ҳар доим сахий бўлишингиз учун Худо сизни ҳар жиҳатдан бой қилади. Шундай қилиб, биз сизларнинг ҳадяларингизни муҳтожларга етказганимизда, улар Худога кўп шукроналар айтади.
[12] Мана шу ҳадянгиз билан кўрсатган ёрдамингиз нафақат Худонинг Қуддусдаги азизларининг эҳтиёжларини қондиради, балки кўпчиликнинг Худога кўпдан–кўп шукрона айтишига сабаб бўлади.
[13] Уларга ҳамда бошқаларга кўрсатган сахийлигингиз ва Масиҳнинг Хушхабарига ишониб, итоаткорона яшаётганингиз туфайли кўпчилик Худони улуғлайди. Ахир, ҳадянгиз буларнинг далолати–ку!
[14] Худонинг сизларга кўрсатган чексиз инояти сабабли улар меҳр–муҳаббат билан сизлар учун ибодат қиладилар.
[15] Таърифига тил ожиз бўлган ажойиб ҳадяси учун Худога шукур!