[1] Худонинг ҳамкорлари сифатида сизларга ёлворамиз: Худонинг инояти ҳаётингизда самарасиз бўлмасин.
[2] Худо шундай деб айтяпти: “Мурувват пайти келганда, Мен сенга қулоқ соламан. Нажот куни келганда, Мен сенга ёрдам бераман.” Ўша мурувват пайти ҳозирги пайтдир, ўша нажот куни бугунги кундир.
[3] Хизматимизда бирорта айб топилмасин деб, биз ҳеч кимни заррача ранжитмаймиз.
[4] Худонинг ҳақиқий хизматкорлари эканлигимизни ўз ҳаракатларимиз билан исботлаяпмиз. Ҳар хил қийинчиликлару кулфатлар бошимизга тушганда, танг аҳволда қолганимизда сабр–тоқат кўрсатяпмиз.
[5] Бизни урганларида, қамоққа ташлаганларида, ғалаёнларда қолганимизда, машаққат билан меҳнат қилганимизда, уйқусизликда ва оч қолганимизда, ҳаммасига бардош бердик.
[6] Поклик, донолик, сабр–тоқат билан яшаб, меҳрибон бўлиб, Муқаддас Руҳ бизда маскан қилганини кўрсатиб, самимий муҳаббатимиз билан Худонинг хизматкорлари эканимизни исботладик.
[7] Биз ҳақиқатни эълон қиляпмиз, Худонинг қудратига таяниб хизмат қиляпмиз. Ҳам ўнг қўлимизда, ҳам чап қўлимизда солиҳлик қуролларини тутиб юрибмиз.
[8] Шарафга эришамизми ёки иснодга қоламизми, бошқалар бизни ҳақорат қиладими ёки мақтайдими, ҳар қандай вазиятда Худонинг хизматкорлари эканлигимизни кўрсатяпмиз. Бизни ёлғончи, деб айтишади, аммо биз ҳақиқатгўймиз.
[9] Машҳур эмасмиз, аммо бизни билишади. Бизни ўлган деб ҳисоблайдилар, аммо мана, тирикмиз. Бизни жазога тортадилар, аммо ўлимга маҳкум қилмайдилар.
[10] Бизни хафа қиляптилар, аммо доимо хурсандмиз. Ўзимиз камбағалмиз–у, кўп кишиларни бойитамиз. Ҳеч нарсамиз йўғ–у, аммо ҳамма нарсага эгамиз.
[11] Эй Коринфликлар! Сизларга бемалол, очиқ–ойдин гапирдик. Сизларга бағримизни кенг очдик.
[12] Биз сизлардан меҳр–муҳаббатимизни аямадик, сизлар эса ўз меҳрингизни биздан қизғанасиз.
[13] Сизларга ўз фарзандларимга гапираётгандай гапиряпман. Биз сизларга қандай муомала қилсак, сизлар ҳам бизга шундай муомала қилинг: бизга бағрингизни кенг очинг.
[14] Имонсизлар билан шерик бўлманглар. Солиҳлик билан қабиҳликнинг орасида қандай алоқа бор?! Нур билан зулмат орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?!
[15] Масиҳ билан шайтон орасида қандай иттифоқ бўлиши мумкин?! Имонли билан имонсизнинг орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?!
[16] Худонинг маъбади билан бутлар орасида қандай умумийлик бор?! Ахир, биз барҳаёт Худонинг маъбадимиз–ку! Худо шундай деб айтган: “Мен уларнинг орасида яшайман, Уларнинг орасида юраман. Мен уларнинг Худоси бўламан, Улар эса Менинг халқим бўлади.”
[17] Бинобарин, Эгамиз шундай деган: “Халқлар орасидан чиқинглар, Улардан ажралиб чиқинглар, Ҳаромга қўл теккизманг, Шунда Мен сизларни қабул қиламан.”
[18] Қодир Худо — Эгамиз яна шундай деб айтган: “Мен сизларга ота бўламан, Сизлар эса Менга ўғил–қизлар бўласизлар.”