[1] Яна ўзимизни тавсия қиляпмизми?! Ёки баъзиларга керак бўлгандай, сизларга тавсияномалар кўрсатишимиз керакми ёки сизлардан бизга тавсияномалар керакми?!
[2] Ахир, юрагимизга ёзилган тавсияномамиз сизларнинг ўзингиз–ку! Бу ҳаммага аён, уни ҳамма ўқий олади.
[3] Очиқ кўриниб турибдики, бизнинг хизматимиз туфайли ёзилган Масиҳнинг мактуби сизларсиз. Бу мактуб сиёҳ билан эмас, балки барҳаёт Худонинг Руҳи орқали ёзилган, тош лавҳаларга эмас, балки инсон қалбининг лавҳаларига ёзилгандир.
[4] Масиҳ туфайли Худонинг олдида буларга ишончимиз комилдир.
[5] Ахир, биз ўзимизнинг кучимиз билан бирор нарса қила олмаймиз–ку! Ҳамма қобилиятимиз бизга Худо томонидан берилган.
[6] Худо бизга янги аҳднинг хизматкорлари бўлиш қобилиятини берди. Бу аҳд қонунга эмас, балки Руҳга асосланиб тузилган, чунки қонун ўлимга етаклайди, Руҳ эса ҳаёт бағишлайди.
[7] Тош лавҳаларга ёзилган, ўлимга етаклайдиган эски аҳднинг қонун–амрлари шунчалик улуғворликка эга эдики, Исроил халқи Мусонинг ўша улуғворликдан порлаётган юзига тик қарай олмаган эди. Ўткинчи улуғворлик шунчалик порлоқ экан,
[8] Руҳ орқали тузилган аҳд келтирадиган улуғворлик қандай порлоқ бўлиши ҳақида бир ўйлаб кўринг–чи!
[9] Ўлим ҳукмини келтирадиган эски аҳд улуғвор экан, инсонларни оқлайдиган аҳд ундан ҳам улуғвор бўлмайдими?!
[10] Энди бу ажойиб улуғворлик олдида ўша олдинги улуғворлик арзимас бўлиб қолди.
[11] Ўткинчи эски аҳд улуғвор бўлган экан, боқий бўлган бу янги аҳд нақадар улуғвордир!
[12] Шундай умидимиз борлиги учун ҳам жасорат билан Хушхабарни айтамиз.
[13] Биз Мусога ўхшамаймиз. Юзида порлаб турган ўткинчи улуғворликни Исроил халқи кўрмаслиги учун Мусо юзини ёпган эди.
[14] Исроил халқининг ақли ўтмас бўлиб қолганди. Бугунга қадар эски аҳд ўқилганда, худди бир парда уларнинг онгини тўсиб турганга ўхшайди. Бу пардани фақатгина Масиҳ олиб ташлайди.
[15] Ҳа, ҳозир ҳам Мусонинг қонуни ўқилганда, уларнинг онги тўсиқдир.
[16] Аммо Эгамизга юз бурган инсоннинг онгидан тўсиқ парда олиб ташланади.
[17] Бу ерда Эгамиз деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутяпман. Эгамизнинг Руҳи қаерда бўлса, ўша ерда эркинлик бор.
[18] Биз ҳаммамиз очиқ юз билан Эгамизнинг улуғворлигини кўриб турибмиз. Биз ўзгариб борар эканмиз, янада улуғвор бўлиб, Эгамизга ўхшаган бўламиз. Буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.