[1] Биз Худонинг марҳамати билан янги аҳднинг хизматкорлари бўлганимиз учун тушкунликка тушмаймиз.
[2] Аксинча, сирли ва уятли ишлар қилишдан, макр–ҳийла ишлатишдан бош тортиб, Худонинг каломини бузмай гапирамиз. Ҳақиқатни очиқ–ойдин айтиб, Худонинг ҳузурида ўзимизни бошқа одамларнинг ҳукмига топширамиз.
[3] Хушхабаримиз сирли, тўсиқ парда ортида тургандай бўлиб туюлса, у ҳалок бўладиганлар учун шундай туюлади.
[4] Бу дунёнинг худоси имонсизларнинг онгини кўр қилиб қўйган. Шунинг учун улар Хушхабарнинг нурини кўра олмайдилар. Бу Хушхабар Худонинг аниқ тасвири бўлган Масиҳнинг улуғворлигини кўрсатади.
[5] Биз ўзимиз ҳақимизда эмас, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ваъз қиламиз. Исонинг йўлида сизларнинг хизматкорларингизмиз.
[6] Худо дунёни яратганда Ўз сўзи билан зулматдан нур яратган эди. Энди У Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўз улуғворлигини бизга кўрсатди.
[7] Шундай ажойиб хазинани сопол идишлардай бўлган таналаримизда олиб юрибмиз. Шу орқали олий қудрат бизга эмас, Худога мансуб эканлиги кўриниб турибди.
[8] Биз ҳар томонлама жабрланиб эзиламиз, аммо синмаймиз. Кўнглимиз алағда бўлиб, мушкул аҳволга тушсак ҳам умидимизни йўқотмаймиз.
[9] Қувғинларга учраймиз, лекин Худо ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайди. Бизни ерга йиқитадилар, аммо яксон қила олмайдилар.
[10] Исо Масиҳ ўлимга рўбарў бўлганидек, биз ҳам азоб–уқубат тортиб, ўлим таҳликасида яшаяпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг танамизда намоён бўлсин.
[11] Исо Масиҳга тегишли бўлганимиз учун биз доим ўлимга дучор бўляпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг фоний баданимизда намоён бўлсин.
[12] Шундай қилиб, ўлим хавфи остида яшашимиз сизларга абадий ҳаёт келтиради.
[13] Муқаддас битикларда: “Ишонганим учун гапирдим”, деб ёзилган. Бизда ҳам шундай имон бор, шунинг учун Хушхабар айтишни давом эттираверамиз.
[14] Биламизки, Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исога ўхшатиб тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўзининг ҳузурига олиб киради.
[15] Бошимиздан ўтганларнинг ҳаммаси сизларнинг манфаатингиз учун юз берган. Худонинг инояти кўпдан–кўп одамлар орасида ёйилар экан, Худога янада кўп одамлар шукур айтади ва бундан Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келади.
[16] Шунинг учун ҳам умидимизни йўқотмаймиз. Тўғри, бу фоний баданимиз хазон бўляпти, аммо биз руҳан янгиланиб боряпмиз.
[17] Бизнинг ўткинчи, енгил азоб–уқубатларимиз бизга ҳаддан ташқари ажойиб ва абадий улуғворлик келтиради.
[18] Ахир, биз кўринадиган нарсаларга эмас, балки кўринмайдиган нарсаларга кўз тикканмиз. Кўринадиган нарсалар ўтиб кетади, кўринмайдиганлари эса мангудир!