Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:31

[1] Биродарлар, булар қачон, қайси пайт содир бўлиши ҳақида сизларга ёзишимизнинг ҳожати йўқ.

[2] Ахир, Раббимиз Исо, кечаси ўғри тушгандай, ногаҳон келишини ўзингиз биласиз–ку!

[3] Ҳомиладор аёлнинг тўлғоқ оғриқлари кутилмаганда келгандай, одамлар: “Ҳамма ёқ тинч, осойишта”, деб юрганларида, бирданига бошларига ҳалокат тушади. Улар қочиб қутула олмайдилар.

[4] Бироқ, биродарлар, сизлар зулматда юрмайсизларки, бу кун ўғрига ўхшаб, кутилмаганда келиб, сизларни ҳайратда қолдирса!

[5] Сизлар ёруғликда яшайсиз, ҳаммангиз кундуз кунга тегишлисиз. Ахир, биз зулматга, тунга тегишли эмасмиз.

[6] Шунинг учун бошқаларга ўхшаб ухлаб қолмайлик. Биз уйғоқ, ҳушёр бўлишимиз керак.

[7] Чунки ухлайдиганлар кечаси ухлайди, ичкиликка берилганлар ҳам кечаси ичади.

[8] Биз эса кундуз кунга тегишли эканмиз, келинглар, имон ва севги совутини, бошимизга нажот умиди дубулғасини кийиб, ҳушёр турайлик.

[9] Чунки Худо бизни ғазабга учрасин деб эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топишимиз учун тайинлади.

[10] Биз тирик бўлсак ҳам, ҳаётдан кўз юмсак ҳам, У билан бирга яшашимиз учун Раббимиз Исо биз учун ўлди.

[11] Шунинг учун ҳам ҳозир қилаётганингиздек, бундан кейин ҳам бир–бирингизга далда бериб, куч ва ғайрат бағишланг.

[12] Биродарлар, сизлардан ўтинамиз: орангизда ишлаб, Раббимиз Исонинг йўлида сизларга етакчилик қилаётган, йўл–йўриқ кўрсатаётганларни ҳурмат қилинг.

[13] Қилаётган ишлари учун уларни севиб, эъзозланг. Бир–бирингиз билан тинч–тотув яшанг.

[14] Эй биродарлар, сизлардан ўтиниб сўраймиз: ишёқмасларни огоҳлантиринг, журъатсизларга далда беринг, заифларга ёрдам кўрсатинг, ҳаммага сабр–тоқатли бўлинг.

[15] Ҳеч бирингиз ёмонликка ёмонлик қайтарманг, балки ҳар доим бир–бирингизга ва ҳаммага яхшилик қилишга интилинг.

[16] Ҳамиша хурсанд бўлиб юринглар.

[17] Тинмай ибодат қилинглар.

[18] Ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукур қилинглар, чунки сизлар, яъни Исо Масиҳга имон келтирганлар учун Худонинг иродаси шудир.

[19] Муқаддас Руҳнинг ўтини сўндирманглар.

[20] Башоратларни камситманглар.

[21] Ҳаммасини текшириб кўринглар. Яхшиликни маҳкам тутиб,

[22] ҳар қандай ёмонликдан қочинглар.

[23] Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай покласин. Раббимиз Исо Масиҳ келгунча, бутун руҳингиз, жонингиз ва танангиз бенуқсон сақлансин.

[24] Сизларни даъват қилган Худо садоқатлидир, У ҳар доим Ўз айтганини бажаради.

[25] Биродарлар, биз учун ибодат қилинг.

[26] Ҳамма биродарлар билан ўпишиб кўришинглар.

[27] Раббимиз номи билан сизларга буюраман, мана шу хатни барча биродарларга ўқиб беринглар.

[28] Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.

Павлуснинг Салоникаликларга биринчи мактуби — Chapters