Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:18

[1] Хуллас, эй биродарлар, сизлар Худони мамнун қилиб яшашни биздан ўргандингиз. Ҳа, шу тарзда яшаяпсиз ҳам. Аммо Раббимиз Исо номидан сизларга ёлворамиз, Худони янада кўпроқ мамнун қилишга астойдил ҳаракат қилаверинг.

[2] Раббимиз Исо бизга берган ваколат билан сизларга қандай йўл–йўриқ кўрсатганимизни биласиз.

[3] Сизларнинг муқаддас бўлишингиз Худонинг иродасидир. Шунинг учун жинсий ахлоқсизлик қилманг.

[4] Ҳар бирингиз муқаддаслик ва иззат–ҳурматга лойиқ тарзда ўзингизни тута билишингиз керак.

[5] Худони билмаган бутпарастлардай шаҳвоний ҳирсга қул бўлманг.

[6] Жинсий ҳаёт тарзига келганда, ўз биродарларингизнинг ишончини суиистеъмол қилманг, уларга хиёнат қилманг. Бундай қилганларни Эгамиз жазолайди. Биз сизларга бу ҳақда олдиндан айтиб, қаттиқ огоҳлантирганмиз.

[7] Худо бизни ҳаром йўлдан юришга эмас, балки муқаддас бўлиб яшашга чақирди.

[8] Шундай экан, ким мана шу таълимни рад этса, инсонларни эмас, сизларга Ўз Муқаддас Руҳини берадиган Худони рад қилган бўлади.

[9] Ўзаро муҳаббат ҳақида эса сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ, чунки бир–бирингизни яхши кўришни сизлар Худодан ўргангансизлар.

[10] Зотан, сизлар Македония ҳудуди бўйлаб яшовчи барча биродарларингизга ҳам шундай муносабатда бўляпсизлар. Лекин шунга қарамай, уларни янада кўпроқ яхши кўринг, деб ундаймиз.

[11] Сизларга айтганимиздай, осойишта ҳаёт кечиришни, ўз ишингиз билан машғул бўлишни, қўлларингиз меҳнати билан тирикчилик қилишни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйинг.

[12] Шунда Раббимиз Исога ишонмайдиганларнинг иззат–ҳурматини қозонасиз ва бошқаларнинг қўлига қараб қолмайсиз.

[13] Биродарлар, умидсиз яшаётган бошқа одамлар каби, қайғуга тўлманг деб, бу оламдан ўтганлар ҳақидаги ҳақиқатни сизларга билдиришни хоҳлаймиз.

[14] Биз Исонинг ўлиб, тирилганига ишонамиз. Шундай экан, Исога ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмган имонлиларни ҳам Худо тирилтириб, Ўз олдига олиб кетишига аминмиз. Бу воқеа Исо келганда юз беради.

[15] Раббимиз Исонинг таълимоти бўйича сизларга айтамизки, ўша пайтда биз — ҳали тирик бўлганлар ўлган биродарларимиздан олдин эмас, балки улар билан бирга Исони қаршилаб оламиз.

[16] Зотан, Раббимиз Исо Масиҳ буюк бир садо, бош фариштанинг овози ва Худонинг карнайи садоси остида самодан тушиб келганда, биринчи бўлиб Унга ишонган ҳолда ўлганлар тирилади.

[17] Сўнг биз — ҳали тирик бўлганлар ҳавода Раббимизни қаршилаб олиш учун улар билан бирга булутларда кўтариламиз. Шундай қилиб, ҳаммамиз Раббимиз билан абадий бирга бўламиз.

[18] Шунинг учун мана шу сўзлар билан бир–бирингизга далда беринг.

Павлуснинг Салоникаликларга биринчи мактуби — Chapters