[1] Яҳудо юртида Омон ўғли шоҳ Йўшиё ҳукмронлик қилган даврда Зафаниёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди. Зафаниё шоҳ Ҳизқиё авлодидан бўлиб, Кушининг ўғли, Гадалиёнинг невараси ва Эмориёнинг эвараси эди.
[2] Эгамиз шундай демоқда: “Мен ер юзидаги ҳаммани Гард қолдирмай супуриб ташлайман.
[3] Ҳа, Мен одамлару ҳайвонларни, Кўкдаги қушлару Денгиздаги балиқларни супуриб ташлайман. Ўша ҳайвонлар тасвиридаги бутларни парчалайман. Улар қаторида фосиқларни ҳам йўқ қиламан, Ер юзидаги бутун инсон зотини Илдизидан қуритиб юбораман. — Эгамизнинг каломи шудир. —
[4] Мен Яҳудо ва Қуддусга қарши қўл кўтараман. Баалга сиғинганларни битта қолдирмай йўқ қиламан, Бутпараст руҳонийларни одамларнинг хотирасидан ўчираман.
[5] Томда қуёш, ой, юлдузларга сиғинганларни ҳалок қиламан, Тўғри, улар Мен, Эгангизга сажда қилиб, садоқат онтини ичади, Лекин Мўлахга ҳам топиниб, ваъдалар беришади.
[6] Мен, Эгангиздан юз ўгирган, Изимдан юрмаган бу одамлар нобуд бўлади, Менга интилмаган, Мендан ёрдам сўрамаганлар ўлади.”
[7] Эгамиз Раббий олдида сукут сақланг! Зеро, Эгамизнинг куни яқинлашиб қолди. Эгамиз Ўз халқини қурбонлик қилишга тайёрлади. У таклиф қилган меҳмонлар етиб келди.
[8] Эгамиз шундай дейди: “Мен қурбонлик келтирадиган ўша куни Яҳудо аъёнларини, шоҳнинг ўғилларини, Бутпарастлик одатларига берилганларнинг ҳаммасини жазолайман.
[9] Бутпарастларга ўхшаб остона ҳатлаганларнинг Таъзирини бераман. Шоҳ саройини зўравонлигу фирибгарликка Тўлдирганларни жазолайман.”
[10] Эгамиз шундай демоқда: “Ўша куни Қуддуснинг Балиқ дарвозасидан фарёд кўтарилади, Шаҳарнинг Янги даҳасидан дод–вой эшитилади. Қирлардан вайронагарчилик садолари келади.
[11] Эй бозор кўчасида яшайдиганлар, дод солинг! Ахир, ҳамма савдогарларингиз ҳалок бўлади, Олди–сотди қилганлар қириб ташланади.
[12] Мен ўша куни бир чироқ оламан, Қуддуснинг ҳар бир бурчагини текшириб чиқаман. «Эгамизнинг қўлидан на яхшилик, на ёмонлик келади», деб Ўйлаганларнинг жазосини бераман. Гуноҳга ботиб ўтирган Бепарво одамларни жазолайман.
[13] Улар уйлар қуришади, Аммо уйларида яшаш уларга насиб этмайди. Узумзорлар барпо қилишади, Аммо шаробидан ичишолмайди. Бойликлари талон–тарож қилинади, Қурган уйлари бузиб ташланади.”
[14] Оз қолди Эгамизнинг буюк кунига! Оз қолди! Ўша кун шиддат билан яқинлашмоқда. Қулоқ солинг! Бу Эгамизнинг кунидир. Бу кун аччиқ кулфат келтиради, Ҳатто жасур жангчилар қўрққанидан бақиради.
[15] Бу кун Худонинг ғазаб кунидир. Ўша куни ҳамма азоб–уқубат чекади, Ҳамма ёқ вайронаю харобазорга айланади. Зимзиё зулмат куни бўлар ўша кун, Булут қоплаган тим қоронғи бўлар ўша кун!
[16] Мустаҳкам шаҳарлару баланд миноралар Ҳужум остида қолади, Бурғу овозию жангга даъват товушларини Ўша кун ўзида мужассам этади.
[17] Эгамиз шундай дейди: “Одамлар Менга қарши гуноҳ қилдилар, Шу сабабдан Мен уларнинг бошига кулфат соламан, Улар кўр одамдай қоқилиб юрадилар. Уларнинг қони тўкилиб, ерни қоплайди, Жасадлари тилка–пора бўлиб, ерда гўнгдай ётади.”
[18] Эгамизнинг ғазаб кунида Кумуш ҳам, олтин ҳам уларга нажот бермайди. Эгамизнинг рашк ўти Бутун дунёни куйдириб ташлайди. Ҳа, ер юзида яшаган ҳаммани Эгамиз даҳшатли тарзда йўқ қилади.