Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:27

[1] Хабаққуқ пайғамбарнинг куйга солинган ибодати қуйидагича:

[2] “Эй Эгам, мен Сенинг шуҳратинг ҳақида эшитдим. Қилган буюк ишларингдан ҳайратда қолдим. Эй Эгам, бизнинг давримизда ҳам шундай ишларингни қилгин. Одамлар Сенинг нималарга қодир эканлигингни билиб қўйишсин. Ғазабланганингда меҳр–шафқатни эсдан чиқармагин.

[3] Худо келади Эдом юртидан, Муқаддас Худо келади Порон қирларидан. Унинг улуғворлиги кўкни порлатар, Ҳамду саноларига бутун дунё тўлар.

[4] Улуғворлиги чақмоқдай чақнар, Нур сочилар Унинг қўлидан — Куч яширинган билагидан.

[5] Унинг олдида юради ўлат, Унинг кетидан эргашади офат.

[6] Тўхтаганда ер силкинади, Назар солганда халқларни титроқ босади. У юрган кўҳна йўллар бўйидаги Мангу тоғлар ўпирилиб тушади, Абадий қирлар чўкиб паст бўлади.

[7] Кўшон халқининг қўрққанини мен кўряпман, Мидиён халқининг дағ–дағ қалтираганини кўряпман.

[8] Эй Эгам, наҳотки ғазаблансанг дарёлардан?! Наҳот Сенинг жаҳлинг чиқса ирмоқлардан?! Ёки Сенинг қасдинг бормиди денгиздан?! Шунинг учун отларингни чоптирасанми, Зафарли жанг араваларингга миниб оласанми?!

[9] Сен ғилофдан чиқарасан камонингни, Ўқларга тўлдирасан ўқдонингни. Дарёлар билан ёрасан ер юзини.

[10] Буни кўрганда тоғларни дард тутар, Шиддатли оқим кўпириб оқар. Денгиз тубидан нидо янграр, Денгиз тўлқинлари кўкка интилар.

[11] Сенинг ўқларинг учиб чақнайди, Найзаларинг ялт этиб ёнади. Бундан қуёшу ой ўз жойида қотиб туради.

[12] Сен жаҳл устида босиб ўтарсан ер юзини, Ғазабга миниб оёқ ости қиларсан халқларни.

[13] Қутқариш учун келасан Ўз халқингни, Ўз танлаганинг орқали озод қилиш учун уларни. Фосиқ халқнинг йўлбошчисини урасан, Бошдан–оёқ уни шилиб ташлайсан.

[14] Ана, ғанимларимиз қуюн каби келяптилар, Бизни ҳар ёққа тарқатиб юбормоқчи бўляптилар. Ўз уясида ўлжасини ғажиган йиртқич ҳайвондай, Осон овидан ўзида йўқ севиняптилар. Сен эса уларнинг йўлбошчисини ўз ўқлари билан ҳалок қиласан.

[15] Отларинг туёқлари денгизни босиб эзади, Баҳайбат сувларни бир жойга йиғиб қўяди.”

[16] Мен буларни эшитдим. Шунда увушди менинг юрагим, Титрай бошлади лабларим, Мадорим қолмай, қалтиради тиззаларим. Аммо мен сабр–тоқат қиламан, Босқинчиларимиз бошига тушадиган кулфат кунини кутаман.

[17] Борди–ю, анжир дарахти гулламай қолса, Узум токлари мева тугмаса, Зайтун дарахтлари ҳосил бермаса, Даладаги экинлар унмай қолса, Қўраларда қўйлар қолмаса, Оғилхоналар бўм–бўш бўлса,

[18] Шунда ҳам Эгамдан шод бўларман, Нажоткорим Худодан қувонарман.

[19] Эгам Раббий менинг қудратимдир. У оёқларимни кийик оёғидай қилади, Чўққилар узра мени бехатар юргизади. Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида.

Хабаққуқ пайғамбарнинг китоби — Chapters