Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:21

[1] Булғанган, бузуқ шаҳарнинг ҳолига вой! Золимларга тўлиб кетган шаҳарнинг ҳолига вой!

[2] У ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмайди, Ўзига ҳеч қандай сабоқ олмайди. Ўз Худоси томон юз бурмайди, Умидини Эгамизга боғламайди.

[3] Шаҳар аъёнлари ўкираётган шерларга ўхшайди. Ҳакамлари ҳам кечаси оч қолган бўриларга ўхшаб, Эрталабгача ўлжасидан ҳеч нарса қолдирмайди.

[4] Пайғамбарлари катта кетади, Ҳаммаси қаллоблик қилади. Руҳонийлари Худонинг уйини ҳаром қилади, Худонинг қонунини бузади.

[5] Аммо Эгамиз ҳамон шаҳардадир. У доимо тўғри иш қилади, У ноҳақлик қилмайди асло! У ҳар куни эрталабдан адолат ўрнатади, Тонг саҳардан одиллик билан иш тутади, Фосиқлар эса уялмай ёмонлик қилаверади.

[6] Эгамиз шундай дейди: “Мен халқларни қириб ташладим, Уларнинг шаҳарларини вайрон қилдим, Қалъаларини қулатдим. Ана, кўчалари ҳувиллаб қолди, Шаҳарларида инсон зоти қолмади.

[7] Энди халқим Мендан қўрқар, Бундан ўзига сабоқ олар, деб ўйлаган эдим. Қуддусни вайрон қилмайман, Айтганларимни бошига солмайман, деган эдим. Аммо улар шунда ҳам, Қабиҳликлар қилиш иштиёқидан воз кечмадилар.”

[8] Эгамиз шундай демоқда: “Менинг келишимни кутинглар, Мен халқларга ҳамла қилиб, Уларни талон–тарож қиладиган кунни кутинглар. Мен қарор қилдим: халқларни йиғаман, Барча элларни тўплаб оламан. Уларнинг устига ғазабимни сочаман, Алангали қаҳримни уларга ёғдираман. Рашким ўти бутун дунёни куйдириб ташлайди.

[9] Кейин Мен барча халқларнинг нутқини ўзгартираман, Шунда улар бутларга илтижо қилишмайди, Фақат Мен, Эгангизгагина ибодат қилишади. Биргаликда Менга хизмат этишади.

[10] Олис юртлардан ихлосмандларим келишади, Ҳабашистондаги дарёларнинг нариги томонидан, Менга назрлар олиб келишади.

[11] Эй халқим, ўша куни сизлар уялиб қолмайсизлар, Олдинлари Менга бўйсунмаганингиздан ўшанда хижолат тортмайсизлар. Ахир, Мен орангиздаги такаббур одамларни йўқ қиламан. Шунда муқаддас тоғимда ўзларингизни катта тутмайдиган бўласизлар.

[12] Мен фақат камтарин ва итоаткор одамларни қолдираман. Улар Мен, Эгангиздан паноҳ топадилар.

[13] Исроил халқининг омон қолганлари Ҳеч ёмонлик қилмайдилар. Улар ҳеч кимни алдамайдилар, Оғизларидан ёлғон сўз чиқмайди. Улар яйловда ўтлаб юрган қўйлардай ором оладилар, Ҳеч ким уларни безовта қилмайди.”

[14] Эй Исроил халқи, севинч ила ҳайқиринг! Эй Қуддус аҳолиси, куйланг! Эй Сион аҳли, бутун қалбингиздан шодланинг!

[15] Эгамиз сизларни жазолаб бўлди, Душманларингизни У қувиб юборди. Исроилнинг Шоҳи — Эгамиз орангиздадир. Сиз энди кулфатдан қўрқманг.

[16] Ўша куни Қуддусга шундай сўзлар айтилади: “Эй Сион аҳолиси, қўрқманг! Асло бўшашманг!

[17] Эгангиз Худо сизнинг орангиздадир, Сизга зафар келтирувчи жангчи Ўшадир. У сизни деб хурсанд бўлиб севинади. Ўз севгиси ила қўрқувларингиздан халос қилади. Ҳа, сизни деб шод бўлиб куйлайди.”

[18] Эгамиз шундай дейди: “Эй сургун бўлганлар, Тайинланган байрамларда сизлар Қатнаша олмаганингиздан хафасизлар, Мен сизларни ўз юртингизга олиб келаман, Бундан буён хор бўлишингизга йўл қўймайман.

[19] Сизларга зулм ўтказган халқлар билан Ўшанда Ўзим ҳисоб–китоб қиламан. Мен чўлоқларни қутқараман, Ҳайдаб юборилганларни йиғиб оламан. Улар шарманда бўлган ҳар бир юртда Обрў ва шуҳрат топадилар.

[20] Ҳа, ўша вақтда сизларни йиғиб оламан, Уйларингизга элтиб қўяман. Сизларни яна фаровонликка эриштираман, Буни ўз кўзингиз билан кўрасиз, Халқларнинг ҳурмату мақтовларига сазовор бўласиз.” Эгамизнинг каломи шудир.

Зафаниё пайғамбарнинг китоби — Chapters