Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:42

[1] Ҳолингга вой, эй қўли қон шаҳар! Ўтакетган маккор, ўлжага тўлган шаҳар! У ердаги қотилликлар ҳеч тугамас!

[2] Қулоққа чалинар қамчиларнинг визиллаши, Ғилдиракларнинг тарақ–туруғи, Елаётган от туёқларининг товуши, Жанг араваларининг гумбурлаши!

[3] Жангга кирмоқда отлиқ сипоҳлар, Ялт–юлт этмоқда қиличлар, Ярқирамоқда найзалар, Уйилиб кетди ўликлар, Уюм–уюм бўлди жасадлар, Мурдаларнинг сон–саноғи йўқ. Қоқилишар жасадларга одамлар!

[4] Эй Найнаво, ўзингни бузуқ фоҳишадай тутдинг, Суюқоёқ жодугардай одамларни ром қилдинг, Бузуқлигинг билан халқларни қул қилдинг, Сеҳр–жодуларинг билан ўзингга оғдирдинг.

[5] “Мен сенга қаршиман! — деб айтмоқда Сарвари Олам. — Мен кўйлагингни кўтариб, Халқларга яланғоч танангни кўрсатаман, Эллар олдида шармандангни чиқараман.

[6] Устингдан ахлат ёғдириб, сени хўрлайман. Одамларга сени томоша қилдираман.

[7] Сени кўрганлар орқага чекиниб, шундай дейишар: «Найнаво вайрон бўлди! Ким унга ачинар экан?!» Сени юпатадиган ҳеч ким йўқ!”

[8] Нў–Омон шаҳридан сенинг ортиқ жойинг бормиди?! Ўша шаҳар Нил дарёси бўйида жойлашганди, Сувлар қуршовида турганди, Дарё — унинг истеҳкоми, Сувлар — ҳимояси бўлганди.

[9] Ҳабашистону Миср унинг устидан ҳукмронлик қиларди, Кучининг чек–чегараси йўқ эди. Ливия билан Луб унинг иттифоқдошлари эди.

[10] Шундай бўлса–да, Нў–Омон шаҳрининг аҳолиси сургун қилинди, Одамлари асирликка олиб кетилди, Ҳар бир кўчанинг бошида Тошга уриб ўлдирилди гўдаклари, Аслзодалари учун қуръа ташланди, Барча зодагонлари занжирбанд бўлди.

[11] Эй Найнаво, сен ҳам маст бўлиб, гандираклаб қоласан, Бекинасан, душманларингдан қочиб, паноҳ излайсан.

[12] Сенинг ҳамма қалъаларинг Меваси пишган анжир дарахтига ўхшар. Анжирни силкитсанг, Анжирлар хўранданинг оғзига тушар.

[13] Лашкарингга бир қарасанг–чи! Хотин кишидан фарқи йўқ–ку уларнинг. Юртингнинг дарвозалари ёв учун кенг очилди, Дарвозаларнинг тамбаларини олов йўқ қилди.

[14] Қамалга тайёрлангин! Сувга тўлдир идишларингни! Мустаҳкамла қўрғонларингни! Оёқ билан эзгин лойни, Тайёрла тезроқ қолипларингни!

[15] Барибир олов сени ямлаб юборар, Чигиртка экинларни қиртишлагандай, Қилич сени қириб ташлар. Чигирткадай кўпаявер!

[16] Савдогарларингни осмондаги юлдузлардан ҳам кўп қилдинг, Бироқ улар чигирткадай юртингни талашар, Сўнг қанот қоқиб учиб кетишар.

[17] Совуқ кунда деворларга қўнадиган, Қуёш чиққач эса учиб йўқ бўладиган Чигирткадайдир сенинг посбонларинг, Чигиртка галасидайдир сенинг саркардаларинг. Улар қаерга ғойиб бўлганини билмайди ҳеч ким.

[18] Эй Оссурия шоҳи, Раҳнамоларингнинг кўзи юмилган, Йўлбошчиларинг абадий уйқуга кетган, Сенинг халқинг тоғларга тарқалган, Уларни йиғадиган бирор кимса йўқ.

[19] Сенинг ярангни даволаб бўлмас, Жароҳатинг ҳалокатлидир. Бу ҳақда хабар топган ҳамма одамлар Хурсандлигидан чапак чалар. Зотан, ҳеч ким чексиз зулмингдан Қочиб қутула олмаган.

Нохум пайғамбарнинг китоби — Chapters