Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:07

[1] Эгамиз шундай дейди: “Ўша кунларда Мен Яҳудо ва Қуддуснинг олдинги мавқеини тиклайман.

[2] Сўнг барча халқларни йиғиб, Ҳукм водийсига олиб тушаман. У ерда халқим Исроил ҳақи улар билан даъволашаман, чунки улар Менинг халқимни турли элларга тарқатиб юбордилар. Юртимни эса ўзаро бўлишиб олдилар.

[3] Улар халқим учун қуръа ташлаб, ўғил–қизларимни сотиб юбордилар. Тушган пулга фоҳишабозлигу айш–ишрат қилдилар.

[4] Эй Тир, Сидон ва бутун Филист халқи, Менда нима қасдингиз бор?! Сизлар ҳали Мендан ўч олмоқчимисиз?! Борди–ю, ниятингиз шу бўлса, Мен ўша заҳотиёқ қилмишингизга яраша жазоингизни бераман.

[5] Сизлар олтину кумушларимни тортиб олдингиз, қимматбаҳо хазиналаримни саждагоҳларингизга олиб кетдингиз.

[6] Яҳудо ва Қуддус халқини юнонларга сотиб, ўз ватанидан йироқ қилдингиз.

[7] Энди Мен Яҳудо ва Қуддус халқини сизлар сотган юртлардан олиб чиқаман. Қилмишингизга яраша жазоингизни бераман.

[8] Ўғил–қизларингизни Яҳудо халқига сотаман, улар эса фарзандларингизни олисдаги бир халққа — Саволикларга сотишади.” Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтди.

[9] Халқлар орасида шундай деб эълон қилинг: “Жангга тайёрланиб, жангчиларни сафарбар қилинг! Сипоҳларингиз ҳужум қилсин!

[10] Омочларингиздан ясанг қиличлар, Ўроқларингиздан қилинг найзалар. Заифлар ҳам қўлига қурол тутсин.

[11] Эй теваракдаги халқлар, шошилинг, Қани, ҳаммангиз водийда тўпланинг.” Ўз сипоҳларингни, эй Эгам, чақир!

[12] Эгамиз шундай дейди: “Барча халқлар бўлсин сафарбар, Ҳукм водийсига келишсин улар. Мен у ерда ўтирарман, Ҳамма халқлар устидан ҳукм чиқарарман.

[13] Қани, келинглар, Етилган буғдойни ўргандай уларни ўринглар, Пишган узумни эзгандай, босиб йўқ қилинглар, Хумлар тўлган, Уларнинг қабиҳликлари билан тўлиб–тошган.”

[14] Минг–минглаб оломон Тўпланган Ҳукм водийсида! Зотан, яқинлашгандир Эгамизнинг куни Ҳукм водийсига.

[15] Қуёш ҳам, ой ҳам қорайган, Юлдузлар нури сўнган.

[16] Эгам Қуддусдан туриб ҳайқирар, Сиондан гулдурос овози янграр, Еру осмон ларзага келар. Аммо Эгам Ўз халқини паноҳига олар, У Исроил халқининг қўрғони бўлар.

[17] Эгамиз шундай дейди: “Эй халқим, шунда сизлар Эгангиз Худо Мен эканлигимни биласизлар. Мен муқаддас тоғим Сионда қурганман маскан. Табаррук бир шаҳар бўлади Қуддус, Босқинчилар энди асло унга қилмас тажовуз.

[18] Ўша куни сут оқар қирлардан, Узум шарбати келар тоғлардан, Яҳудодаги ўзанлар сувга тўлар, Менинг уйимдан булоқ отилиб чиқар, Акас дарахтлари ўсадиган қақроқ сойликни суғорар.

[19] Миср ҳувиллаб, Эдом бўм–бўш саҳрога айланар. Оҳ, Яҳудо халқига зулм ўтказди улар, Бегуноҳ одамларнинг қонин тўкдилар.

[20] Мен албатта жазолайман уларни! Асло оқламайман жиноятчиларни! Яҳудо эса абадий яшар, Қуддус авлодлар оша барқарор бўлар. Мен, Эгангиз, Сионда қурганман маскан.”

Йўэл пайғамбарнинг китоби — Chapters