[1] Мен минорага чиқиб оламан. Шаҳар деворидан олисларга қараб, Эгамнинг жавобини кутаман. Шикоятимга жавоб берганда, Унга нима айтишимни ўйлаб кўраман.
[2] Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Сенга аён қилган сўзларимни тош лавҳаларга аниқ қилиб ёз, югуриб кетаётган одам уни бир қарашданоқ ўқий оладиган бўлсин.
[3] Башорат белгиланган вақтда амалга ошади. Ўша вақт ҳадемай етиб келади, башорат рўёбга чиқади. Борди–ю, у кечикадиган бўлса, сабр қилгин. У албатта бажо бўлади, кеч қолмайди.
[4] Менга қара! Тўғри йўлдан юрмаганлар ҳалок бўлади. Солиҳлар эса Худога бўлган садоқати туфайли тирик қолади.”
[5] Бойлик алдамчидир. Бойлар такаббурдирлар, улар ҳеч қачон тиниб–тинчимайдилар. Улар ўликлар диёри каби очкўз, ўлим каби тўймайдилар. Улар халқларни ўзларига тобе қилишади, элларни қўл остига олишади.
[6] Асирликка тушганлар уларни нафратомуз мазах этадилар, масхара қилиб, шундай айтадилар: “Эй бировнинг бойлигини талаб, уюм қилганлар, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар бировнинг нарсасини қайтармай, қарзларингизни орттириб юрибсизлар. Бундай ҳол узоққа чўзилармиди?!
[7] Қарзларингизни қистайдиганлар тўсатдан пайдо бўлади. Улар келиб, сизларни даҳшатга солишади. Шунда сизлар улар учун ўлжа бўласизлар.
[8] Сизлар кўп халқларни таладингиз. Одамларнинг қонини тўкдингиз, юртлару шаҳарларни вайрон қилиб, у ердагиларни нобуд қилдингиз. Шунинг учун омон қолган халқлар энди сизларни талон–тарож қиладилар.
[9] Эй ҳаром йўл билан бойлик топиб, уйига ташиганлар, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар уйларингизни баландликда қуриб, ўзингизни кулфат чангалидан асрамоқчи бўлдингиз.
[10] Аммо ҳийлаларингиз хонадонингизни шарманда қилди. Сизлар кўп халқларни нобуд қилганингиз учун ўз бошингизга етдингиз.
[11] Ҳатто уйингиз деворидаги тошлар зўравонлигингиздан дод солади. Тўсинларнинг ноласи акс садо бўлиб чиқади.
[12] Эй қотиллик ила шаҳарлар қурганлар, ҳолингизга вой! Эй зўравонлик ила қўрғонларга асос солганлар, ҳолингизга вой!
[13] Эллар беҳуда тинкасини қуритади. Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади. Бу Сарвари Оламнинг иши эмасми?!
[14] Ҳа, сувлар тўлдиргандай денгизни, Ер юзи тўлиқ билиб олади Эгамизнинг улуғворлигини.
[15] Эй қўшни халқларга шаробни зўрлаб ичирганлар, ҳолингизга вой! Яланғоч баданларини томоша қилайлик деб, уларга ғазабингиз шаробидан ичирдингиз. Уларни маст қилдингиз.
[16] Бироқ сизлар обрў топмай ўзингиз шармандаликдан маст бўласизлар. Қани, ичинг! Яланғоч танангизни кўрсатинг! Ана, Эгамизнинг ўнг қўлидаги жазо косаси сизларга етиб келди! Обрўйингиз тўкилиб, шармандангиз чиқади.
[17] Ҳа, Лубнонда қилган зўравонлигингиз ўз бошингизга етади. У ерда ёввойи ҳайвонларни қирдингиз, энди ҳайвонлар сизларни даҳшатга солади. Чунки сизлар юртлару шаҳарларни вайрон қилдингиз. Одамларнинг қонини тўкиб, уларни нобуд қилдингиз.
[18] Инсон ясаган бутдан не фойда?! Санамнинг фойдаси борми ёлғондан бошқа?! Нега одам ўзи ясаган нарсасига умидини боғлайди?! Нега тили йўқ бир бутни ясайди?!
[19] Ҳолингизга вой, эй бир парча ёғочга «Уйғон!» деганлар! Ҳолингизга вой, эй тилсиз тошга «Тур!» деб ёлворганлар! Бут сизга тўғри йўл кўрсатармиди?! Олтину кумуш билан қопланган бутнинг жони бормиди?!
[20] Эгамиз эса Ўзининг муқаддас Маъбадидадир. Унинг олдида бутун дунё сукут сақласин!”