Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:43

[1] Шу кеча шоҳнинг уйқуси қочди. Шоҳ: — “Кундалик хотиралар китоби”ни олиб келинглар! — деб буюрди. Китобни унга ўқиб беришди.

[2] Хотира китобидаги шоҳ Ахашверашнинг дарвозабонлари Бихтан ва Тараш шоҳнинг жонига қасд қилишни режалаштирганлари, буни Мардохай билиб қолиб шоҳга етказгани тўғрисида ёзилган воқеага етиб келишди.

[3] Шунда шоҳ: — Бу хизмати учун Мардохай нима билан тақдирланган? Унга ҳурмат кўрсатилганми? — деб сўради. — У ҳеч нарса билан тақдирланмаган, — деб жавоб беришди шоҳнинг аъёнлари.

[4] — Ҳовлида ким бор? — сўради шоҳ. Шу пайтда Хомон шоҳ саройининг ташқи ҳовлисига келган ва Мардохай учун тайёрлатиб қўйган дорга уни остириш тўғрисида шоҳ билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб турган эди.

[5] Шоҳнинг аъёнлари: — Ҳовлида Хомон турибди, — деб жавоб беришди. — Бу ёққа кирсин! — деб буюрди шоҳ.

[6] Хомон киргач, шоҳ ундан сўради: — Шоҳ тақдирламоқчи бўлган одамга қандай ҳурмат кўрсатса бўлади? Хомон ўз кўнглида: “Шоҳ мендан бошқа кимга ҳам иззат–ҳурмат кўрсатишни истарди”, деб ўйлади

[7] ва шоҳга айтди: — Шоҳимиз ҳурмат кўрсатиб, тақдирламоқчи бўлган одам учун

[8] ўзлари кийган шоҳона либосларни, шоҳимиз минган, усти шоҳона зеб–зийнатлар билан безатилган отни олиб келишсин.

[9] Шоҳнинг энг яқин бекларидан бири қўлига либосларни ва отни беришсин. Шоҳ ҳурмат кўрсатиб, тақдирламоқчи бўлган ўша одам кийинтирилгандан кейин, отга миндирилсин–да, шаҳар майдонига олиб чиқилсин. Унинг олдида юриб: “Шоҳ тақдирламоқчи бўлган одам мана шундай ҳурматга сазовор бўлади!” деб жар солинсин.

[10] Шоҳ Хомонга буюрди: — Ҳозироқ, ўзинг айтганингдай, либосларни ва отни олгин–да, сарой дарвозасида турган яҳудий Мардохайга шундай қил. Айтганларингдан бирортаси ҳам қолиб кетмасин.

[11] Хомон либосларни ва отни олиб, Мардохайни кийинтирди. Сўнг уни отга миндириб, шаҳар майдонига олиб чиқди ва унинг олдида юриб: “Шоҳ тақдирламоқчи бўлган одам мана шундай ҳурматга сазовор бўлади!” деб жар солди.

[12] Мардохай сарой дарвозасига қайтиб келди. Хомон эса шарманда бўлганидан юзини беркитиб жадал уйига йўл олди.

[13] Хомон хотини Зарешга ва барча дўстларига юз берган воқеани айтиб берди. Дўстлари ва хотини Зареш шундай дейишди: — Мардохай туфайли сен пастга кетдинг. Агар у яҳудийлардан бўлса, унга бас кела олмайсан. Аксинча, барбод бўласан.

[14] Улар гаплашиб турганларида, шоҳнинг мулозимлари келиб, Хомонни Эстер тайёрлаган зиёфатга апил–тапил олиб кетдилар.

Эстер китоби — Chapters