Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:37

[1] Учинчи куни Эстер шоҳона либосларини кийиб, саройнинг ички ҳовлисида — шоҳ яшайдиган хосхона рўпарасида пайдо бўлди. Шоҳ хосхонанинг тўридаги тахтда ўтириб,

[2] ҳовлида кутиб турган малика Эстерни кўрди–ю, унга марҳамат қилди ва қўлидаги салтанатнинг олтин ҳассасини Эстерга томон чўзди. Эстер яқинроқ келиб ҳассанинг учига тегинди.

[3] Шоҳ ундан: — Сенга нима керак, малика Эстер? — деб сўради. — Тилагинг нима? Ҳатто ярим шоҳликни сўрасанг ҳам берилади.

[4] — Агар шоҳимиз маъқул кўрсалар, бугун Хомон билан бирга меникига зиёфатга келсалар, — деди малика. — Мен шоҳимиз учун зиёфат тайёрлагандим.

[5] Шоҳ: — Зудлик билан бориб Хомонни топиб келинглар! — деб буюрди. — Эстернинг истагини бажо қилайлик. Шундай қилиб, шоҳ Хомон билан бирга Эстер тайёрлаган зиёфатга борди.

[6] Шоҳ майдан ичар экан: — Айт, нима истайсан? Нима истасанг берилади, — деди Эстерга. — Қандай тилагинг бор? Ярим шоҳликни сўрасанг ҳам, хоҳишинг қондирилади. Эстер шундай жавоб берди:

[7] — Менинг истагим ва илтимосим шуки,

[8] агар шоҳимиз мендан мамнун бўлсалар, шоҳимиз менинг тилагимни ва истагимни қондиришни маъқул кўрсалар, эртага мен тайёрлайдиган зиёфатга яна Хомон билан бирга келсинлар. Ўшанда шоҳимизнинг саволига жавоб бераман.

[9] Хомон ўша куни зиёфатдан хурсанд, кайфияти чоғ бўлиб чиқди. У шоҳ саройи дарвозаси олдида Мардохайни кўрди. Мардохай Хомоннинг ҳурмати учун ўрнидан турмади ҳам, таъзим ҳам қилмади. Хомон эса ғазабдан тутақиб кетди.

[10] Бироқ у ўзини босди. Уйига келиб, дўстларини ва хотини Зарешни чақиртирди.

[11] Хомон уларга ўзининг чексиз бойлиги ва кўпдан–кўп ўғиллари тўғрисида гапирди, шунингдек, шоҳ уни аъёнлар ва хизматкорлар устидан юксак мартабага кўтаргани ҳақида мақтанди.

[12] Кейин у яна айтди: — Малика Эстер зиёфат тайёрлаган экан, шоҳ билан мендан бошқа ҳеч кимни таклиф қилмабди. Эртага ҳам мен шоҳ билан бирга уникига зиёфатга чақирилганман.

[13] Лекин сарой дарвозасида турган яҳудий Мардохайни кўрганимда, буларнинг мен учун ҳеч бир қиммати қолмайди.

[14] Шунда хотини Зареш ва ҳамма дўстлари Хомонга маслаҳат беришди: — Дор тайёрлашсин, баландлиги эллик тирсак бўлсин. Эрталаб шоҳдан илтимос қил, Мардохайни ўша дорга осишсин. Кейин хурсанд бўлиб, шоҳ билан бирга зиёфатга бораверасан. Бу гап Хомонга маъқул тушди. У дорни тайёрлатиб қўйди.

Эстер китоби — Chapters