Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:24

[1] Ёши катта одамга қаттиқ гапирма, уни отанг ўрнида кўриб, ҳурмат билан насиҳат қил. Ёшларга укаларингдек,

[2] кампирларга оналарингдек муносабатда бўл. Ёш аёлларни сингилларинг ўрнида кўриб, уларга покдиллик билан насиҳат қил.

[3] Суянчиғи йўқ бева хотинларга ғамхўрлик қил.

[4] Агар беванинг болалари ёки набиралари бор бўлса, улар, энг аввало, ўз оиласи олдидаги, Худо буюрган фарзни адо этиб, фарзандлик бурчини бажарсинлар, чунки бу Худога мақбулдир.

[5] Ёлғиз қолган, суянчиғи йўқ бева хотин бутун умидини Худога боғлаб, кечаю кундуз тоат–ибодат қилади.

[6] Аммо кайф–сафога берилиб кетган бева хотин руҳан ўликдир.

[7] Беваларга ва уларнинг оила аъзоларига буларни ўргат, токи улар маломатга қолмасинлар.

[8] Зеро, ўз қариндошларига, хусусан, оила аъзоларига ғамхўрлик қилмаган киши имонни инкор этган бўлади. У имонсиздан ҳам баттардир.

[9] Туллар рўйхатига фақатгина олтмиш ёшдан ошган, марҳум эрига вафодор бўлган бева аёлларни кирит.

[10] Бу аёллар қилган эзгу ишлари билан танилган, яъни болаларига яхши тарбия берган, мусофирларга меҳмондўст бўлган, Худо азизларининг оёқларини ювган, қийналганларга ёрдам берган, ўзларини турли хил хайрли ишларга бағишлаган бўлишлари лозим.

[11] Бева қолган ёшроқ хотинларни рўйхатга киритма. Чунки уларнинг эҳтироси жунбишга келганда, эрга тегишни истаб қоладилар. Шунда улар эрга тегмаслик ҳақидаги Масиҳга берган ваъдасини бузиб, одамлар орасида ёмон отли бўлиб қоладилар.

[13] Бундан ташқари, улар бошқа бир хатарга йўлиқадилар: ялқовликка берилиб, уйма–уй юришга ўрганиб қоладилар. Шуниси етмагандай, ғийбат қилишга, бошқаларнинг ишига бурун суқиб, лозим бўлмаган нарсаларни гапиришга одатланадилар.

[14] Шу сабабларга кўра, мен ёш беваларнинг эрга тегишини истардим. Улар бола туғиб, рўзғор ишлари билан машғул бўлсинлар, ғанимларимизнинг ёмон гапиришларига имкон яратиб бермасинлар.

[15] Чунки шундоқ ҳам баъзи беваларимиз тўғри йўлдан озиб, шайтон йўлига кириб кетдилар.

[16] Агар бирорта имонли аёлнинг бева қолган қариндошлари бўлса, уларга ўзи ёрдам берсин, бу вазифани имонлилар жамоатига юкламасин. Шунда суянчиғи йўқ бева хотинларга жамоат яхшироқ ёрдам бера олади.

[17] Имонлилар жамоатини яхши бошқараётган, хусусан, астойдил ваъз айтиб, таълим бераётган оқсоқоллар ҳурматга сазовордирлар, улар қилган меҳнатларига яраша тақдирлансинлар.

[18] Зеро, Муқаддас битикларда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг” ва “Меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир”, — дейилган.

[19] Икки ёки уч гувоҳ бўлмаса, ҳеч бир оқсоқолга қўйилган айбни қабул қилма.

[20] Гуноҳ қилиб юрган оқсоқолларни эса ҳамманинг олдида фош қилиб, тавбага чақир, токи бошқаларнинг ҳам дилига қўрқув кирсин.

[21] Худо, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар ҳузурида сенга қатъий буюраман: ҳеч бир ишда юз–хотирчилик ва тарафкашлик қилмай, бу кўрсатмаларимга риоя қил.

[22] Бирор одамни жамоат оқсоқоли вазифасига тайинлашга шошилма, тағин бировнинг гуноҳларига шерик бўлиб қолма. Ўзингни пок сақла.

[23] Лекин сув ичиш билан чекланиб қолмай, озгинадан шароб ҳам ичиб тур. Бу ошқозонингга яхши таъсир қилиб, тез–тез юз бераётган касалликларингнинг олдини олади.

[24] Баъзи одамларнинг гуноҳлари ҳозирдан очиқ–ошкор бўлиб, ҳатто қиёмат кунидан олдин фош бўлмоқда. Бошқаларнинг гуноҳлари эса охиратда маълум бўлади.

[25] Шунингдек, қилинган хайрли ишлар ҳам ошкордир. Баъзилари ошкор бўлмаса–да, барибир пинҳон қолмайди.

Павлуснинг Тимўтийга биринчи мактуби — Chapters